13:13 / 29.11.2020
2 431

Голливуд актрисалари мураккаб ролларига қандай тайёргарлик кўради? (фото)

Голливуд актрисалари мураккаб ролларига қандай тайёргарлик кўради? (фото)
Санъат оламида ўзига яраша қийинчиликлари бор. Унинг нозик ва гўзал кўринган вакиллари баъзида қийинчилик билан ролларга тайёрланишига тўғри келади.

Деми Мур

Фото: Getty Images
Актриса 1997 йилда суратга олинган «Аскар Жейн» роли учун бир қўл билан «отжимание» қила оладиган даражада тайёргарлик қилган. У билан АҚШ ҳарбий-денгиз кучларида фаолият юритадиган Стивен Хелвенстон шуғулланган. Мур дублёр ёрдамидан фойдаланишдан бош тортган. Деми қийин трюкларни бажариш учун каскадёр ёрдамидан фойдаланиши мумкинлиги, лекин бу билан одамлар бу каби тайёргарликларда нималарни босиб ўтишига тўғри келишини ҳис қилмаслигини айтган. Аммо Деми Мурга биргина юқори савияли тренернинг ўзи камлик қилган ва «Троя» фильми учун Бред Питтни тайёрлаган, Тоби Магуайрни «Ўргимчак одам»га айлантирган Грегори Жуан-Роше ёрдамидан ҳам фойдаланган.

Энн Хэтеэуэй

Фото: Marie Claire
2012 йилда суратга олинган «Таҳқирланганлар» фильмида суратга тушиш учун 11 кило вазн ташлаган. Бу ҳали ҳаммаси эмас Кристофер Ноланнинг «Қора рицар: Афсонанинг қайтиши» фильмида роль ижро қилиш учун актриса нафақат озиши, балки пластикаси устида ишлашига ҳам тўғри келган. Ундаги мушук-аёл роли учун тикилган либос жуда ҳам тор ва ёпишиб турадиган бўлган, бундай кийимда эса камчиликларга кўзга ташланиб қолиши мумкин эди. Cinema Blend’га берган интервьюсида Энн тренерлар уни суратга оладиган майдончада ёрдам берадиган «мушак хотираси» шаклланадиган даражада тайёрлантирганини маълум қилган. Шунингдек, у жанг санъати машқларини бажарган вақтида кимнидир уриб юбориш мумкинлиги ҳақида ўйлаш ва машқлар осонмаслигини таъкидлаган. Тренерларнинг маълум қилишича, Энн учун тузилган дастурга кўра у деярли веганлар парҳезига амал қилган. У дублёр қизлардан мотивация олгани ва бирга ишлаш жараёнида қизларнинг эркаклар бажарадиган қийин трюкларни бажариши кишини илҳомлантиришини таъкидлаган.

Зои Салдана

Фото: Marie Claire
Жеймс Кэмероннинг «Аватар» фильмида актрисанинг ҳақиқий юзи ва танаси кўринмаганига қарамай, бошқа сайёралик малика Нейтирининг ролини ижро қилиш учун Зои даҳшатли даражада оғир тренировка билан шуғулланган. Бундан ташқари, у камондан ўқ отиш, жанг санъати ва от минишни ўрганишига тўғри келгани етмагандек, фильмда қаҳрамони гаплашадиган наъви тилини ўзлаштиришига тўғри келган. Аммо Зои ушбу тил билан танишиш қизиқарли бўлганини билдирган. Ушбу кўникмаларни ўзлаштириш учун 6 ой сарфлаган, профессионал жангга тайёрланиш билан эса умумий 18 ой кетган. Аммо бу ўзлаштирган кўникмалари унга «Галактика қўриқчилари» кинолентасидаги Гамора ролига ёрдам берган. Зоини «Аватар»нинг кейинги қисмларида ҳам кўришимиз мумкин.

Алисия Викандер

Фото: Marie Claire
Актриса 2018 йилда Лара Крофт ролини ижро қилиш учун анча тайёргарлик кўриши, жисмонан ва руҳан қаҳрамон ролига мос бўлишига тўғри келган. Шунга қадар нозик бўлган актриса мазкур ролдан кейин спортчиларга хос қоматга эга бўлгани, аммо бу унга осон бўлмаганини билдирган. У Грэм Нортоннинг шоусида бунга қадар ҳаётида ҳеч қачон бундай оғирликни кўтаришига тўғри келмаганини маълум қилган. У тўрт ой мобайнида залда доимий равишда машқ қилган, аралаш жанг санъати ва оғир атлетика, бокс, сузиш билан шуғулланган. Шундан кейин нозик қиз бир уришда рақибларини ағдарадиган даражадаги кучли қаҳрамонга айланган. Тренировка вақтида актрисанинг мушаклари 6 килога кўпайган. Суратга олиш ишлари якунланганидан кейин Грэм Нортонга берган интервьюсида у уч ҳафтадан кейин, шуғулланишда эришган натижасини йўқотганини айтган. «Мен ҳамиша шундай бўлиб қоламан деб ўйлагандим», — дея ҳазиллашган.

Эмили Блант

Фото: Marie Claire
Айрим актрисалар «Бошқарув бюроси» фантастик фильмида профессионал раққоса ролини ижро қилиш масъулиятидан қочган бўлиши мумкин, лекин Эмили эмас. У лойиҳа билан танишиб чиққанидан кейин дарҳол уни ижро қилишга розилик берган. У парҳез тутиши мумкинлиги, балериналар туфлисини кия олишини айтган. Тайёрланиш учун у 6 кун давомида 2 соатдан Нью-Йоркдаги фитнесс студияда шуғулланган. Седар-лейк балет гуруҳида амалиёт ўтаган. Қомати балериналарникига ўхшаши учун балиқ ва мевали парҳез қилган. У елкаси шишиб кетгани, умуртқаси ичида илон бордек туюлганини билдирган. Бундай тайёргарликдан кейин у 2014 йилда аскар аёл ролини ижро қилишда қийналмаган.

Линда Хэмилтон

Фото: Marie Claire
1984 йилда экран юзини кўрган «Терминатор» фильмидаги ишлатилган эффектлар, актёрлар маҳорати, шунингдек, Линда Хэмилтоннинг ижроси мухлислар эътирофига сазовор бўлган. Унинг қўрқмас ҳарбий командир қаҳрамони ўз даврида феминистлар учун рамз бўлган. Линданинг вазни 50 кило бўлган ва унга бириктирилган тренер унинг кўринишидан кўнгли тўлмаган. 13 ой давомида Линда оғир ва кардио-тренировка билан шуғулланган. Қурол ишлатиш ва дзюдо ҳам унинг шуғулланиш дастуридан ўрин олган.

У ҳарбий операцияларни амалга оширишни, душман қаерда эканлигини, ҳарбийлар ўлик ёки тирикларни қандай қилиб ажратишини ўрганганини маълум қилган. Актриса бу даҳшатли даражада оғир бўлганини қўшимча қилган. Линданинг шунча уринишига қарамай, тренернинг кўнгли тўлмаган. «Тренерим мен океанда 20 килоли оғирликдаги рюкзак билан сузсам, кўнгли тўларди, лекин мен ўғлимга керак эдим», — деган у. Аммо шунча машқлар бесамар кетмаган — «Терминатор 2: Қиёмат куни» кинопрокатда биринчи қисмдагидан 6 марта кўп маблағ йиғган, Линда гавдалантирган қаҳрамон эса тарихда қолган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)