Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар яшайдиган ҳудуд маълум қилинди

Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар яшайдиган ҳудуд маълум қилинди

Ўзбекистонда қайси ҳудудда пенсионерлар энг кўп экани маълум бўлди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, бу кўрсаткич бўйича Фарғона вилояти республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳудудда ҳар саккиз нафар аҳолининг бири пенсия олувчи ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига келиб Пенсия жамғармаси тизимида пенсия олувчилар сони 4 миллион 361 минг 432 нафарга етган. Бу эса мамлакат умумий аҳолисининг 11 фоиздан ортиқ қисми пенсия олишини англатади. Пенсионерларнинг 83 фоизи ёшга доир, 11 фоизи ногиронлик, 6 фоизи эса боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олади.

Таҳлилларга кўра, 2025 йил июлидан 2026 йил июлига қадар пенсионерлар сони 158,9 минг нафарга, яъни 3,8 фоизга ошган. Айни пайтда мамлакат бўйича ўртача ойлик пенсия миқдори 1 миллион 688 минг сўмни, энг кам пенсия эса 878 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда 515,4 минг нафар пенсионер истиқомат қилади. Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи пенсионерлар республикадаги жами пенсия олувчиларнинг 41 фоизини ташкил қилади.

Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида қайд этилган. У ерда 111,3 минг нафар пенсионер яшайди. Бу Фарғона вилоятидаги кўрсаткичдан 4,6 баравар кам экани қайд этилган.

Шунингдек, расмий прогнозларга кўра, Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори келгуси йилларда ҳам босқичма-босқич ошириб борилади. Жорий йил якунигача уни 1,7 миллион сўмга, 2027 йилда 1,8 миллион сўмга, 2028 йилда 1,9 миллион сўмга, 2029 йилга келиб эса 2,1 миллион сўмга етказиш режалаштирилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар