Гватемала U-20 мураббийи: "Бизни қониқтирадиган ягона натижа — ғалаба, буни барча ҳис қилиб турибди"
U-20 жаҳон чемпионатининг 3-тури доирасида Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин Гватемала терма жамоаси бош мураббийи Рафаэль Лоредо ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Дастлабки икки ўйинни ўтказиб бўлдик. Ҳозир кейинги ўйин ҳақида ўйлашимиз керак. Майдонга чиқишимиз ва яхши ўйин намойиш этишимиз лозим. Биз жаҳон чемпионатида иштирок этяпмиз, шунинг ўзи катта мотивация. Биз одамлари жуда яхши муносабатда бўлаётган мамлакатдамиз ва футбол ўйнаш учун барча шароит муҳайё қилинган.
Бўлажак ўйиндаги ғалаба бизга учинчи ўринни эгаллашимиз ва кейинги босқичга чиқиш учун интилишимизда ёрдам беради. Ўзбекистон жуда уюшқоқ жамоа, улар яхши ҳимояланади ва ҳужумкор ўйин намойиш этади. Биз олдинга ташланиб, ҳужумлар ташкил этишимиз керак.
Олдинги икки ўйинда гол уриш учун кўплаб имкониятимиз бўлганди, аммо улардан фойдалана олмагандик. Бизни қониқтирадиган ягона натижа — ғалаба, буни барча ҳис қилиб турибди. Футболчиларимизга ишонишда давом этишимиз лозим. Биз икки турда ғалаба қозона олмадик, лекин улар ҳаракат қилишди. Бу мени хурсанд қилади", - деди мексикалик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашув Тошкент вақти билан 27 май куни соат 02:00 да старт олади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг