10:40 / 21.09.2024
70

"Рома"нинг собиқ устози Даниэле Де Россининг ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан

"Рома"нинг собиқ устози Даниэле Де Россининг ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан
“Рома” раҳбарияти ўтган мавсум охирида жамоани қабул қилиб олган клуб афсонаси Даниэле Де Россининг бош мураббийликдан бўшатгани кенг муҳокама қилинмоқда.

Римлик фанатлар ўз ёқимтойларининг бу тақлид ишдан олинишини ҳазм қила олмаяпти. Улар клуб раҳбариятига норозиликларини билдиришмоқда.

Даниэле Де Россининг футболчи сифатида “Рома” олдидаги хизматлари ҳақиқатан улкан. Клуб тарбияланувчиси ҳисобланган Даниэле таянч ярим ҳимоячиси бўлган ва жамоанинг ҳақиқий таянчи бўлган. 2001-2019 йиллар давомида “бўрилар” таркибида 620 га яқин учрашувда иштирок этган, 63 та тўп киритиб, 61 та ассист муаллифи бўлган.

Бутсасини михга илишдан олдин қисқа муддат Аргентинанинг “Бока Хуниорс” жамоасида ҳам ўйнаб келган.

“Рома” билан икки бор Италия кубогига сазовор бўлган, “Бока Хуниорс”да Аргетина чемпионлигига эришган.

Италия терма жамоасида 2004-2017 йиллар давомида 117 та учрашувда ўз ҳисобига 21 та гол ёздириб қўйган. Жаҳон чемпиони, Европа вице-чемпиони, Конфедерациялар кубоги ва Олимпия ўйинлари совриндори бўлган.

Бош мураббий сифатида СПАЛ жамоасини икки йил бошқарганидан кейин бирданига “Рома”дан таклиф олди.

Гранд клубдаги илк уриниш муваффақиятсиз якунланди, дейиш мумкин. Европанинг нуфузли манбаларидан ҳисобланган fichajes.net сайти эксперти Хавьер Парра Пенья римлик мураббийнинг ишдан олинишининг тўртта асосий сабабини келтирди.

Салбий натижалар

Даниэле Де Россининг ишдан олинишининг асосий сабаби чемпионат бошидаги натижаларнинг пастлиги бўлди. “Рома” тўрттала учрашувда ҳам очко йўқотди. Айниқса, “Олимпико” аренасидаги мавсумнинг илк учрашувида “Эмполи”дан енгилгани ўта аламли бўлди. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов урган супер гол “Рома”ни мағлубиятдан, кейинчалик бош мураббийни истеъфодан қутқариб қола олмади.

Тўртта учрашувда атиги иккита тўп киритган ва учта очко жамғарган “Рома”да мураббийлар штаби босим остида қолиб кетди. Вазиятни ўз вақтида ўнглаш учун Даниэле Де Россининг клубдаги авторитетига қарамай, сўнгги чора қўлланди.

Лина хонимнинг таъсири

Даниэле Де Росси клуб бош директори Лина Сулуку билан келишмовчилиги бўлгани ҳам сабаб сифатида тилга олинмоқда. Улар ўртасидаги зиддиятнинг кучайиб кетгани клубдаги ички муҳитнинг бузилишига олиб келган. Бу вазият клубга эгалик қилувчи америкалик бизнесменлар – Фридкинлар оиласига маъқул келмаган.

Дибала иши

Жозе Моуриньо томонидан жамоага жалб қилинган асосий юлдуз Пауло Дибаланинг иши ҳам бош мураббийнинг кетишига туртки бўлди. Италиялик мутахассис жамоани қабул қилиб олганидан бери жаҳон чемпионини ўз ўйин услубига сингдира олмади. Бунинг оқибатида устоз-шогирд муносабатлари таранглашиб борди ва бу жамоага салбий таъсир қилди.

Хўжайинларга ишончсизлик

“Рома”га эгалик қилувчи Фридкинларнинг спортдаги ғоялари ва лойиҳалари Даниэле Де Росси ишончини қозона олмади. Бош мураббий атрофида Дибала, Лина Сулуку ва Фридкинлар оиласига оид зиддиятларнинг йиғилиб қолгани, клуб хўжайинларига “Рома” афсонасини ташқарига кузатиб қўйиш учун етарли бўлди.

Энди буёғига “Рома”ни хорватиялик таниқли мураббий Иван Юрич бошқаради. Янги бош мураббий олдига минимал вазифа – жамоани келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқиш топшириғи қўйилган. Акс ҳолда, пойтахт клуби ёзда бошқа бош мураббий излайди...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Рома"нинг собиқ устози Даниэле Де Россининг ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан