Қора узум ва резаворлар юрак саломатлигига фойда бериши мумкин

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қора узум ва резавор меваларни мунтазам истеъмол қилиш таркибидаги полифеноллар ҳамда ресвератрол ҳисобига юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилашга ёрдам беради.
- Буюк Британия ва Испания тадқиқотчилари томонидан ўтказилган 37 та илмий иш таҳлили ушбу мевалар қон босими, яллиғланиш ва эндотелий функсиясига ижобий таъсир кўрсатишини аниқлади.
Қора рангли узум, резавор мевалар ва голубикани мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир тизимига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу хулоса сўнгги йилларда ўтказилган илмий тадқиқотлар таҳлилида келтирилган, деб хабар беради MSN.
Буюк Британия ва Испания тадқиқотчилари 2015 йилдан кейин эълон қилинган 37 та илмий иш натижаларини ўрганган. Уларнинг 17 таси тизимли шарҳ ва мета-таҳлиллар, 20 таси эса тасодифий назорат қилинадиган тадқиқотлардан иборат. Таҳлилда узум ва голубика таркибидаги полифеноллар ҳамда ресвератрол каби табиий бирикмаларнинг юрак-қон томир саломатлигига таъсири баҳоланган.
Натижаларга кўра, ушбу бирикмалар қон томирлари фаолиятини яхшилаш, яллиғланиш кўрсаткичларини камайтириш ва қон босимига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим тадқиқотларда холестерин миқдори билан боғлиқ кўрсаткичларда ҳам ўзгаришлар қайд этилган. Энг изчил натижалар қон томирларининг ички қавати фаолиятини ифодаловчи эндотелий функцияси бўйича кузатилган.
Таҳлилга киритилган тадқиқотлардан бирида 115 нафар катта ёшли эркак олти ой давомида ҳар куни 150 граммдан голубика истеъмол қилган. Натижада қон томирлари фаолияти яхшиланган ва артериялар қаттиқлиги камайган. Муаллифлар бу ўзгаришлар юрак-қон томир касалликлари хавфининг 12–15 фоизга пасайишига мос келишини ҳисоблаган. Бироқ тадқиқотда инфаркт ёки инсульт ҳолатлари бевосита ўрганилмаган, хулоса хавф омилларидаги ўзгаришларга асосланган.
Таҳлилдаги натижалар айниқса ортиқча вазн, юқори қон босими, холестерин миқдорининг ошиши ёки бошқа метаболик хавф омиллари мавжуд инсонларда яққолроқ намоён бўлган.
Шу билан бирга, барча натижаларни фақат янги узум ва резавор мевалар истеъмоли билан боғлаш тўғри эмас. Ўрганилган ишлар орасида мевадан ташқари узум уруғи экстрактлари, кукунлар ва полифенол қўшимчаларидан фойдаланилган тадқиқотлар ҳам бор. Олимлар аниқроқ хулоса чиқариш учун янги мевалар билан узоқ муддатли ва кенгроқ тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини билдирган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…