21:53 / 09.10.2024
68

Асосий ҳимоячисиз қолган Эрон бош мураббийсиз Ўзбекистонга қарши...

Асосий ҳимоячисиз қолган Эрон бош мураббийсиз Ўзбекистонга қарши...
Эртага 10 октябрь куни “Бунёдкор” стадионида азалий рақиблар Ўзбекистон ва Эрон тўқнашади. Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичидан ўрин олган учрашув икки жамоа учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Учрашувни австралиялик Шон Эванс бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришади. 36 ёшли рефери 2017 йилдан буён FIFA ҳаками ҳисобланади.

Икки турдан сўнг икки жамоа ҳам 6 очко тўплаб гуруҳда пешқадамликни сақлаб турибди. Ўйин натижаси гуруҳда ким етакчи эканини белгилаб беради.

Фото: Google Images
Дастлабки икки учрашувда Эрон Қирғизистон ва БАА термаларини минимал 1:0 ҳисобида енгди ва шу билан бир қаторда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Мезбонлар эса ўз уйида Шимолий Кореяни кичик (1:0) ҳисобида енгди, Қирғизистонда бўлган учрашувда эса 2:1 ҳисобида ортда қилаётган Катанес шогирдлари якунда 2:3 ҳисобида ғалабани тортиб олди.

Бу жамоалар ушбу саралашнинг иккинчи босқичида ҳам ўзаро дуч келган. Ўйинларнинг иккиси ҳам (2:2, 0:0) дуранг билан якунланган.

Ўзаро ўйинлар натижаси:

Ўзбекистон жамоаси Эрон билан 13 бор тўқнаш келган. Учрашувларнинг 3 тасида дуранг қайд этилган. 9 учрашувда Эрон жамоаси ғалаба қозонган. Ўзбекистон эса 2012 йили “Озоди” стадионида бўлиб ўтган учрашувда Бақоевнинг голи эвазига Эронни мағлубиятга учратган. Ўзбекистон ҳозиргача ўз уйида Эронни мағлубиятга учрата олмаган.

Сўнгги беш учрашув:
- Жаҳон чемпионати саралаши. Эрон — Ўзбекистон 0:0;
- Жаҳон чемпионати саралаши. Ўзбекистон — Эрон 2:2;
- CАФА-2023 мусобақаси. Ўзбекистон — Эрон 0:1;
- Ўртоқлик ўйини. 2020 йил. Ўзбекистон — Эрон 1:2;
- Ўртоқлик ўйини. 2018 йил. Ўзбекистон — Эрон 0:1.

Сўнгги ўйин натижалари

Ўзбекистон миллий жамоаси охирги 5 учрашувнинг 4 тасида ғалаба қозонди, ягона дуранг айнан Эрон жамоаси билан қайд этилди. Учрашувларда 10 та гол киритди ва 3 бора ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Қизиқарлиси 3 голга ҳам қўшниларимиз муаллифлик қилди (Қирғизистон ўзбекистонликлар дарвозасига 2 бор йўл топди, Туркманистон эса бир марта).

Эрон жамоаси ҳам 5 учрашувда Ўзбекистон натижаси билан бир хил кўрсаткич намойиш этди. Ўзбекистон билан дуранг ўйнаган Эрон уч рақибини минимал 1:0 ҳисобида енгди, Гонгконг билан учрашув 2:4 ҳисобида якунланди. Эрон 5 ўйинда рақиблар дарвозасига 7 бор йўл топди ва 2 бор рақибларга гол уриш имконини берди.

Йўқотишлар

Мезбонлар таркибида Остон Ўруновнинг мазкур учрашувда қатнашиши сўроқ остида қолмоқда. Эрон чемпионатида ўйнаётган тажрибали ҳужумчи машғулотларга қатнашаётганини инобатга олсак, унинг учрашувда қатнашиш имкони ҳам бор. Қолган легионерлар ҳам таркибга қўшилган. Дастлабки икки ўйинни жароҳат сабаб ўтказиб юборган ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам оптимал формада, ўйинга тайёр.

Энг катта йўқотиш бу — терма жамоанинг бош мураббийи Сречко Катанес. У соғлигидаги муаммо сабаб учрашувга жамоани тайёрлай олмади. Тошкентдаги икки учрашувда унинг ёрдамчилари футболчиларга кўрсатмалар беради. Аммо мураббий ёрдамчиларининг хабар беришича, эртага бош мураббий билан алоқа ўрнатилади.

Эрон жамоаси ҳужумкор таркиб билан Тошкентга келди. Улардаги энг катта йўқотиш ҳимоя позициясида ҳисобланади. Эрон терма жамоаси ҳамда “Персеполис” жамоасининг тажрибали ҳимоячиси Муҳаммад Ҳусейн жароҳат сабаб ушбу учрашувда майдонга тушмайди. 30 ёшли ҳимоячи 2015 йилдан бери жамоа ҳимоясида ўйнаб келади. 55 учрашувда майдонга тушган футболчи 6 бор рақиблар дарвозасига йўл топган.

Фото: Getty Images
Энг қиммат ўйинчилар

Фото: Transfermarkt
Эрон жамоасининг Италиянинг “Интер” клубида ўйновчи ҳужумчиси мамлакатнинг энг қиммат ўйинчиси ҳисобланади. Transfermarkt портали уни 10 миллион еврога баҳолаган. Иккинчи ўринни Сардор Азмун эгаллаб турибди. “Шабаб ал-Аҳли” жамоасининг ҳужумчиси 8 миллион евро нархга эга. Учинчи ўриндаги Меҳди Гаеди 4 миллионга баҳоланган.

Фото: Транфермаркт
Ўзбекистон таркибидаги Аббосбек Файзуллаев Россиянинг “ЦСКА” клубида тўп суради. Портал унинг трансфер қийматини 6 миллион еврога баҳолаган. “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 5 миллионлик қийматга эга. Жамоа тўпурари ва “Рома” клуби футболчиси Элдор Шомуродов ҳам шунчага баҳоланган.

Мураббийлар фикри

Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи бетоблиги сабаб унинг ёрдамчиси Радманович ўз фикрларини билдирди.

Фото: “ЎФА”
Эртага Эрон билан ўйнаймиз. Ушбу жамоа билан ўйин доимо қизиқ ва қийин бўлган. Сабаби Эрон Осиёдаги етакчи жамоалардан бири. Биз улар билан кўп бора тўқнаш келганмиз ва улар ҳақида кўп нарса биламиз. Афсуски, Катанес соғлигидаги муаммо сабаб қатнаша олмаяпти. Биз унинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қиламиз.

Ўйинга тактикани эртанги ўйин олдидан машғулотда футболчиларнинг жисмоний ва психологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда танлаймиз. Ҳужумкор ёки ҳимоявий ўйин кўрсатишимиз ўшанда маълум бўлади
”, деди мураббий.

Фото: “ЎФА”
Эрон мураббийи Тошкентга ғалаба учун келганини яшириб ўтирмади.

Ҳозир бор эътиборимиз Ўзбекистонга қарши баҳсга қаратилган. Шуни айтишим мумкинки, Эрон — дунёдаги энг яхши ва тинч мамлакатлардан бири.

Ташқи нарсаларга чалғимай, бор эътиборимизни футболга қаратишимиз, томошабоп ўйин кўрсатишимиз ва Тошкентдан 3 очко олиб кетишимиз керак. Ҳимоямиздаги йўқотишлар? Дастлабки икки турда “қуруқ ўйин” ўтказдик ва эртага ҳам бу серияни давом эттиришга уринамиз
”, деди форслар бош мураббийи.

Ўйин ҳақида

Меҳмонлар уч очко учун ўйнаймиз дейишига қарамай, эртага эҳтиёткор ўйин намойиш этишини тахмин қилиш мумкин. Сабаби Ўзбекистон жамоаси ўз уйида анча ишончли ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, асосий ҳимоячининг йўқлиги боис жамоа ҳужумларини ҳимоядан ташкиллаштиришини, Ўзбекистоннинг хатосини кутишини тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон жамоаси марказий ҳимояда Абдуқодир Ҳусановнинг борлигини инобатга олган ҳолда, Аббосбек Файзуллаев ва Жалолиддин Машариповнинг “рейдлари”, ёки Ҳусниддин Алиқуловнинг бош билан ишончли ўйини эвазига учрашувда ғалаба қозониши мумкин. Ушбу ўйинда Ўзбекистон эҳтиёткор, шу билан бирга тартибли ва ҳужумкор ўйини кўрсатишини кутиш мумкин.

Маълумот учун, учрашув Тошкентда, “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 19:00 да бошланади.

Бунёдкор стадиони, Ўзбекистон, Эрон, Жаҳон чемпионати, Саралаш

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Асосий ҳимоячисиз қолган Эрон бош мураббийсиз Ўзбекистонга қарши...