22:56 / 28.03.2025
20 974

Ҳусанов ва Ўзбекистон ҳақидаги “шов-шувли луқмалар”га хориждан муносабат

Ҳусанов ва Ўзбекистон ҳақидаги “шов-шувли луқмалар”га хориждан муносабат
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга яқин тургани, Абдуқодир Ҳусановнинг дунёнинг энг мураккаб лигасида амалдаги чемпион “Манчестер Сити”да ўйнаётгани энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажараётган Али Алиевнинг ўзбек футболига оид фикрлари футбол жамоатчилигининг эътиборини тортиб, турли муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Бу гал Ўзбекистон футболини яқиндан билган россиялик скаут ва журналист Николай Егоричев қозоғистонлик мутахассиснинг иддаоларига муносабат билдирди.

- Қозоғистон терма жамоасининг янги мураббийи жуда қизиқ одам. Али Алиев тўғри келиб қолган ҳар қандай вазиятда Ўзбекистон номига “тош” отади. Мана, унинг айрим “луқмалари” билан танишинг.

“Дастан Сатпаев Абдуқодир Ҳусановдан кучли“;

“Ҳусановни 16 ёшида ҳеч ким танимас эди. Биз эса, 16 ёшли Сатпаевни “Челси”га сотдик”;

“Биз Осиёда ўйнасак, жаҳон чемпионатига чиқамиз. Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда японлар ва корейслар билан ўйнаганини бирор маротаба кўрганим йўқ”.

Қозоғистонга мамлакат сифатида яхши муносабатдаман, футбол борасида ҳам шундай. Қозоғистонда мен яхши алоқага эга бўлган ҳамкасбларим бор. Бироқ Аливнинг гаплари жамоатчилик эътиборини ўз муаммоларидан чалғитишга уринишдек кўринмоқда.

Биргина Сатпаев билан узоққа бориб бўлмайди. Бу йигит катталар футболида атиги олтита ўйин ўтказган холос. Уни Ҳусанов билан солиштириб бўладими? Асло.

Япония ва Жанубий Корея масаласида шуни айтаманки, Ўзбекистон ҳақиқатан анчадан бери улар билан ўйнамади. Бироқ, Эрон (2:2, икки марта 0:0), Австралия (1:1), Мексика (3:3) билан куч синашди. Бу терма жамоалар жаҳон чемпионатларида мунтазам қатнашиб келади.

Қозоғистон терма жамоаси ҳозир бунақа иддаолар билдиришга эмас, балки биринчи навбатда, қайта тикланишга муҳтож. Лихтенштейн устидан қозонилган ғалабага гап йўқ. Лекин жамоа яқиндагина Люксембург, Арманистон ва Озарбайжонга ютқазган эди.

Ҳар доим гапириш ишлашга қараганда осон бўлган, - деб ёзди Николай Егоричев ўзининг телеграмм каналида.

Эслатиб ўтамиз, мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўзаро етти маротаба тўқнаш келган. Уларнинг илк учрашуви 1992 йили бўлиб ўтган ва унда қозоғистонлик футболчилар 1:0 ҳисобида зафар қучган.

Кейинги олтита беллашувдан учтасида кучлар тенг келган ва яна учтасида Ўзбекистон терма жамоасининг қўли баланд келган. Натижалар эса, қуйидагича кўриниш олган:

1992 йил. Ўзбекистон – Қозоғистон 1:1.
1994 йил. Ўзбекистон – Қозоғистон 1:0.
1997 йил. Қозоғистон – Ўзбекистон 1:1.
1997 йил. Ўзбекистон – Қозоғистон 4:0.
2007 йил. Қозоғистон – Ўзбекистон 1:1.
2022 йил. Ўзбекистон – Қозоғистон 2:0.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт