"Ювентус"га қарши гол киритган Шомуродов: “Битта гол яхши, аммо иккитаси ажойиб бўларди!”

Кеча “Олимпико”да бўлиб ўтган "Рома" – "Ювентус" учрашуви нафақат натижа, балки драматик бурилишлари билан ҳам мухлислар ёдида қоладиган бўлди. Ушбу муҳим баҳсда ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов яна бир бор римликларнинг қаҳрамонига айланди.
Танаффусдан кейин майдонга туширилган Элдор 49-дақиқада ўзининг классик услубида ҳаракат қилиб, "Ювентус" дарвозасини ишғол қилди ва жамоасини мағлубиятдан қутқарди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Мухлислар ва журналистлар томонидан катта эътиборга сазовор бўлган Элдор, ўйиндан сўнг "DAZN" телеканалига берган интервьюсида самимий фикрлари билан бўлишди:
– Захирадан майдонга тушишдан олдин мураббий Раньери менга Довбикка ёрдам беришимни айтди. Иккинчи таймни яхши бошладик, афсуски, ғалабага эришолмадик. Аслида иккинчи голни уриш имкониятимиз бор эди. Бироқ, “Ювентус”га қарши ўйинда бир очко ҳам ёмон натижа эмас.
Шомуродов ўз голидан мамнунлигини яширмади, бироқ мухлисларча истак – дубль қилиш истагини ҳам алоҳида таъкидлади:
– Хурсандман, албатта. Аммо агар иккита гол урганимда, бу ажойиб бўларди.
Терма жамоамиз сардори бундай ўйинлардаги жавобгарликни ҳис қилар экан, кейинги беллашув – рим дербиси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
– Биз “Дерби” учун жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳозиргача нималарга эришган бўлсак, шундан ортга қайтмаслигимиз лозим. Муҳими – мухлисларни хурсанд қилиш.
Статистикага назар: 29 ёшли Элдор Шомуродов жорий мавсумда “Рома” сафида барча мусобақаларда 30 та учрашувда қатнашиб, 6 та гол ва 3 та ассист қайд этган. Эътиборлиси, у ҳар сафар захирадан тушганида ўйинга тетиклик ва характер олиб кирмоқда.
“Ювентус”га қарши урилган гол Шомуродов учун навбатдаги поғона бўлди. Заҳирадан чиқиб, жамоани қутқариш – бу шунчаки тасодиф эмас. Элдор бугун “Рома”нинг курашчи юраги, мухлислар эса ундан яна голлар кутишмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар