
А Сериянинг 32-туридан ўрин олган энг қийин ва кескин баҳс 13 апрель куни бўлиб ўтадиган Рим дербиси бўлади. Бу ўйин нафақат пойтахтнинг икки йирик клуби ўртасидаги рақобат, балки Европа Чемпионлар лигаси учун курашнинг ҳам ҳал қилувчи босқичига айланиши мумкин.
Айни вақтда “Лацио” 55 очко билан турнир жадвалининг 6-поғонасида, “Рома” эса 53 очко билан улардан бир позиция пастда жойлашган. Дербининг аҳамияти шундаки — ғалаба қайд этган жамоа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда катта устунликка эга бўлади.
Раньери ўйиндан олдин Шомуродов ва Довбикка ишонмоқда
“Рома” сафида мураббий Клаудио Раньери келганидан буён жамоа мағлубиятсиз серияни 15 ўйинга етказди. Аммо кучли тўртликка кириш учун бугунги ўйинда “Лацио”ни мағлуб этиш шарт.
IL TEMPO газетаси хабар беришича, жамоанинг етакчиси Пауло Дибала жароҳат сабабли учрашувда иштирок этмаслиги мумкин. Шу боис, Раньери ҳужум чизиғини Артём Довбик ва Элдор Шомуродовга ишониб бошлашни режалаштирмоқда.
“Лацио”га қарши баҳсда “Рома”нинг икки марказий ҳужумчиси ҳал қилувчи роль ўйнаши кутилмоқда. Артём Довбик ва Элдор Шомуродов жамоани сенсацион тарзда Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқишга бел боғлаган. Клаудио Раньери бу икки ўйинчида ўз кучига бўлган ишончни уйғотиб, улар фаолиятида бурилиш ясади ва мавсумнинг муҳим палласида улар жамоанинг асосий фигурасига айланди, — деб ёзади IL TEMPO нашри.
Шомуродов – захирадаги “қурол”
Рим дербисида катта эътибор Элдор Шомуродовнинг фаолиятига қаратилади. У Раньери бош мураббийлик лавозимини қабул қилганидан бери захирадан майдонга тушиб 4 та гол киритган ва бу “Рома” захирасидан киритилган 11 та голнинг учдан бирини ташкил этади.
Жумладан, “Ювентус”га қарши беллашувда у майдонга тушганидан 4 дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштирган эди. Шунингдек, Шомуродов Европа Лигасида ҳам “Айнтрахт” ва “Атлетик” дарвозаларига гол урган — иккаласи ҳам захирадан тушганидан сўнг киритилган.
La Gazzetta dello Sport таҳлилчилари эса қуйидагича фикр билдиришди:
“Рома”да ҳеч ким Элдор Шомуродовчалик жамоа ўйинини ўзгартириб юборишга етадиган таъсир кучига эга эмас. У захирадан тушиб киритилган голлар бўйича сўнгги 5 йилликда Лаутаро Мартинес (16) ва Педро (11) дан кейин учинчи ўринда бормоқда (10 та гол).
Довбик “Жирона”даги қаҳрамонликни “Рома”да такрорламоқчи
Артём Довбик эса “Жирона” клубидаги юқори даражадаги ўйинларини “Рома”да ҳам намоён этишга ҳаракат қилмоқда. У жорий мавсумда аллақачон бир нечта муҳим учрашувларда ўз сўзини айтган ва дарвозаларга зарбали муомалада бўлган.
Шомуродов рекордини янгилаш арафасида
Элдор Шомуродов 6 та гол билан бу мавсумда Италия чемпионатида юқори самара кўрсатмоқда. У “Женоа”даги дебют мавсумида қайд этган шахсий рекорди — 8 та голни — яна икки тўп билан янгилаш имконига эга.
Катта баҳс, катта кун
“Лацио” – “Рома” дербиси 13 апрель куни, Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади. Беллашув Римдаги “Олимпико” стадионида бўлиб ўтади.
Ушбу дербидан сўнг А Сериядаги кураш янада қизғинлашади. Айниқса, Шомуродов ва Довбик сингари ҳужумчиларнинг ҳаракати бу кеча тақдирини белгилаб бериши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!