date
views 57

Халқаро конкур мусобақалари: ўзбекистонлик чавандозлар шоҳсупага кўтарилишди

Халқаро конкур мусобақалари: ўзбекистонлик чавандозлар шоҳсупага кўтарилишди
Айни кунларда Тошкентдаги “Universal horses stable” от спорти клубида от спортининг нуфузли йўналишлари — конкур ва от йўрттириш бўйича йирик халқаро мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Мазкур мусобақалар "CSI1-W" Жаҳон кубоги ҳамда "AEF Cup" Осиё кубоги доирасида ташкил этилмоқда.

Қувонарлиси, ушбу нуфузли спорт тадбирида ўзбекистонлик чавандозларимиз муваффақиятли иштирок этиб, бир неча йўналишларда ғолиб ва совриндор бўлишмоқда.

Жумладан, «Competition 3» йўналиши бўйича ўтказилган 125 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш баҳсларида ҳамюртимиз Бекзод Қурбонов ўзининг «Santos Hippica» лақабли тулпори билан олтин медалга эга чиқди. Ушбу йўналишда яна бир вакилимиз Алишержон Эркинов «Etos» оти билан учинчи поғонани эгаллаб, бронза медали соҳиби бўлди.

Гран-при саралаш босқичи бўлган «Competition 4» йўналишида эса, 145 сантиметр баландликдаги тўсиқлардаги беллашувда яна Бекзод Қурбонов ўз маҳоратни кўрсатди. У «Quintus HB» номли тулпори билан энг юқори натижани қайд этди.

Шунингдек, ушбу босқичда Саидамирхон Турғунбоев «Calleko» оти билан ҳамда Хуршидбек Алимжонов «Quintus HB» тулпорида юқори натижаларни қайд этишиб, кучли учликдан жой олишди.

«AEF Cup» Осиё кубоги доирасида ўтказилган мусобақанинг 115 сантиметрлик тўсиқлардаги беллашувларида Баҳромжон Ғозиев ўзининг «Jodcasalla A» номли отида кумуш медалини қўлга киритди. Саидамирхон Турғунбоев эса «Jordy» отида совриндорлар орасида бронза медали билан тақдирланди.

Ўзбекистонлик чавандозларимизнинг мазкур халқаро турнирлардаги бу каби муваффақиятли иштироклари мамлакатимизда от спортининг ривожланиб бораётганидан далолатдир. Ушбу натижалар ҳамда спортчиларимизнинг халқаро тажрибалари ёш авлод учун ҳам муносиб намуна бўлиб хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Халқаро конкур мусобақалари: ўзбекистонлик чавандозлар шоҳсупага кўтарилишди