date
views 33

Гвардиола катта ўзгаришларга тайёр: «Сити»га янги ҳимоячи олинади

Гвардиола катта ўзгаришларга тайёр: «Сити»га янги ҳимоячи олинади
«Манчестер Сити» раҳбарияти ёзги трансфер ойнасида яна фаол ҳаракатларга тайёрланмоқда. Испаниялик мутахассис Хосеп Гвардиола жамоани янгилашга киришган ва ўз талабларига тўлиқ мос келадиган янги футболчиларни кўриб чиқмоқда.

«Шаҳарликлар» қишда марказий ҳимояга Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейсни, ярим ҳимоя чизиғига Нико Гонсалес ҳамда ҳужумга Умар Мармушни олиб келган эди. Бироқ шу позицияларга яна қўшимча трансферлар қилиш масаласи ёпилгани йўқ ва ёзда бу соҳалар янада мустаҳкамланиши мумкин.

Cityxtra.co.uk нашрининг ёзишича, «Манчестер Сити» марказий ҳимоя чизиғини янада кучайтириш учун «Ливерпуль»нинг француз футболчиси Иброҳим Конате вазиятини диққат билан кузатиб келмоқда.

Жорий мавсумда Конате «қизиллар» сафида Виржил ван Дейк билан ажойиб жуфтлик ташкил қилиб, мураббий Арне Слот қўл остида Премьер-лига совринини қўлга киритишда асосий ўйинчилардан бири бўлди.

Гвардиола ўз ҳимоячиларининг жиҳатларидан тўлиқ қониқмаяпти. Мавсум давомида Жон Стоунз, Натан Аке ва Мануэль Аканжининг тез-тез жароҳат олиши жамоанинг умумий натижаларига салбий таъсир кўрсатди. Ҳозирги таркибда энг барқарор ҳимоячи Йошко Гвардиол бўлиб қолмоқда, лекин у марказ ва қанот ҳимояси орасида ўзгариб туришга мажбур.

Клубнинг янги спорт директори Хосеп Гвардиоланинг талабларини инобатга олган ҳолда трансфер ойнасига пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Англиялик футбол экспертлари Грэм Бэйли ва Жеймс Брукнинг фикрича, «Ливерпуль» раҳбарияти шартномаси келаси йил якунланадиган Конате билан янги битим музокараларини кечиктиргани «Сити» учун қулай вазият яратди. «Шаҳарликлар» бундай имкониятдан самарали фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишмоқда.

Экспертлар, шунингдек, «Манчестер Сити» ҳимоя марказига келажак учун Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс каби ёш футболчиларни олиб келганини қайд этишган. Бу футболчилар Йошко Гвардиол ва Рубен Диашнинг ўрнини босиши мумкин, аммо ҳозирча тажриба масаласи уларнинг асосий таркибдан ўрин эгаллашига халақит қилмоқда.

«Шаҳарликлар»нинг ёшартириш стратегияси доирасида ёши ва жароҳатларга мойиллиги сабаб Жон Стоунз, Натан Аке ва Мануэль Аканжи каби футболчилардан воз кечиши мумкинлиги айтилмоқда. Бундай ҳолатда 25 ёшли Конате трансфери жуда ўринли бўлади.

Бироқ бундай тажрибали футболчиларнинг келиши ёш иқтидорлар Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейснинг ўйин амалиётига салбий таъсир қилиши аниқ. Масалан, Абдуқодир Ҳусанов Манчестерга келганидан бери тўққизта ўйин ўтказганига қарамай, сўнгги бир ярим ойда майдонга туширилмаган. Гвардиола сўнгги икки баҳсда ўзбекистонлик футболчини ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритмади.

Феврал ойида клубнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Абдуқодир Ҳусанов учун яна асосий таркибга қайтиш учун кўп меҳнат талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, «Сити»да рақобат ҳеч қачон осон бўлмаган ва бўлмайди ҳам.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола катта ўзгаришларга тайёр: «Сити»га янги ҳимоячи олинади