date
views 19 039

Тарихий лаҳза: Ўзбекистоннинг мундиалга чиққани Европада қандай баҳоланди?

Тарихий лаҳза: Ўзбекистоннинг мундиалга чиққани Европада қандай баҳоланди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихи давомида илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиб, миллионлаб мухлисларнинг кўп йиллик орзусини амалга оширди. Бу қувончли воқеа жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичининг ҳал қилувчи учрашувида, Бирлашган Араб Амирликлари термасига қарши сафар ўйинида рўй берди.

Учрашув олдидан турнир жадвалида ўзбекистонлик футболчилар БАА термасидан тўрт очко олдинда эди. Шу боис, Ўзбекистон учун дуранг натижа ҳам катта мусобақага чиқиш учун етарли бўларди. Аммо БАА термасига фақат ғалаба зарур эди. Шу жиҳатдан ҳам бу ўйин ўта кескин ва мураккаб кечиши олдиндан маълум бўлиб турганди.

Беллашувнинг илк дақиқалариданоқ майдон эгалари ғалаба қозонишга қаттиқ киришишди. Улар илк дақиқалардаёқ бир неча хавфли вазиятларни яратдилар. Шундай қийин дамларда Ўзбекистон термасининг ишончли дарвозабони Ўткир Юсупов жамоа қаҳрамони сифатида майдонга чиқиб, дарвозаси дахлсизлигини бир неча бор сақлаб қолди. Юсупов бу ўйинда рақибнинг камида учта аниқ голга тортадиган зарбасини қайтариб, ҳамкасблари ва миллионлаб мухлисларнинг ҳурматини қозонди.

Миллий термамиз сардори ва ҳужум чизиғининг асосий таянчи Элдор Шомуродов ҳам ушбу ўйинда катта босим остида ҳаракат қилди. Италиянинг нуфузли А Сериясида «Рома» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Шомуродов, бутун ўйин давомида жиддий кураш олиб борди. Аммо бу сафар унинг ўзига хос ҳужумлари гол билан якун топмади. Шунга қарамай, унинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир курашга киришиши жамоа учун жуда муҳим руҳий ёрдам бўлди.

Ўйиннинг якуний натижаси – 0:0 дуранг. Лекин айнан шу дуранг Ўзбекистоннинг катта футбол тарихидаги энг муҳим воқеага айланди. Бу натижа терма жамоамизга ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатига йўлланма олиб берди.

Бу тарихий муваффақият нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди. Жумладан, Италиянинг нуфузли спорт нашри Vocegiallorossa.it эксперти Габриэле Конти, Элдор Шомуродовнинг жамоасини қутлар экан, у бу ўйинда ўзини кўрсата олмаган бўлса-да, жамоа сардори сифатида муҳим натижани қўлга киритганини қайд этди.
"Бирлашган Араб Амирликлари майдонида мезбонларга қарши ўтказилган учрашувда Элдор Шомуродов ўзини кўрсата олгани йўқ. Лекин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори сифатида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишни уддалади.

“Рома” ҳужумчиси арабларга қарши тўлиқ ўйнади, бироқ дарвозани ишғол қилгани йўқ. Бироқ голсиз дуранг ўзбекистонликларни мамлакат тарихида илк бор кейинги йил ёзда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқишига кифоя қилди.
"

Яна бир италиялик манба – Laroma24.it сайти ҳам Ўзбекистон термасининг мундиалга чиқишини катта воқеа сифатида таърифлаб, “Рома” клубининг ҳужумчиси Элдор Шомуродов бу тарихий лаҳзага катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
"Ўзбекистон 2026 йили бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Элдор Шомуродовнинг жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари майдонида мезбонлар билан дуранг ўйнади – 0:0.

“Рома” ҳужумчиси учрашув давомида тўлиқ ҳаракат қилди ва терма жамоасининг мундиалга чиқишига катта ҳисса қўшди
."

Польшалик футбол эксперти Кшиштоф Собчак ҳам бу воқеага ўз муносабатини билдириб, Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини қутлади. У Ўзбекистон футболчиларининг сафарда жуда қийин ўйин ўтказганини ва натижада узоқ йиллик орзуни амалга оширганини ёзди.
"Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионатида дебют қилади. Элдор Шомуродов ва унинг жамоадошлари Бирлашган Араб Амирликлари футболчилари билан дуранг ўйнаб, АҚШ, Канада ва Мексикада бўладиган мундиалга йўлланмани нақд қилди.

Гуруҳдаги вазият аниқ эди. Минтақавий саралаш турнирининг учинчи босқичи яқкунланишига икки тур қолганида ўзбекларга энг яқин таъқибчи – БАА билан тўрт очколик фарқни сақлаб қолиш учун сафар учрашуида камида дуранг натижа ҳам кифоя қиларди. Ўзбеклар буни уддалади.

Учрашувда гол бўлмади, бироқ Ўзбекистон ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиққанини байрам қилиши мумкин
."

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун саралаш босқичи расман якунланмаган бўлса ҳам, жамоа кейинги босқичга муддатидан олдин чиқиб бўлди. Энди саралаш босқичининг сўнгги ўйини 10 июнь куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Қатар терма жамоасига қарши бўлиб ўтади. Бу ўйин Ўзбекистон учун катта байрамга айланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон термасининг жаҳон чемпионатига чиқиши, шубҳасиз, мамлакат футболи тарихида ёрқин саҳифа бўлиб қолади. Бу ғалаба мамлакатимизда футболнинг янада ривожланишига, ёш футболчиларнинг орзуларини амалга оширишга катта туртки бўлиши аниқ. Жаҳон чемпионатидаги иштирок эса, жамоамиз учун нафақат янги тажриба, балки Ўзбекистон футболининг дунё саҳнасида тан олиниши учун муҳим қадамдир.

Энди жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарлик бошланади. Миллионлаб мухлислар бу тарихий воқеани байрам қилмоқда ва мундиалдаги иштирокни орзиқиб кутишмоқда. Биз эса бу тарихий куннинг кўплаб янги ғалабаларга эшик очишига умид билдирамиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тарихий лаҳза: Ўзбекистоннинг мундиалга чиққани Европада қандай баҳоланди?