date

Ўзбекистон аёллар термаси Шри-Ланкага қарши майдонга чиқади

Ўзбекистон аёллар термаси Шри-Ланкага қарши майдонга чиқади
2026 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги саралаш баҳсларига юртимизда расман старт берилди. Айни вақтда футбол мухлислари диққати Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионига қаратилган. Чунки айнан шу ерда Котрина Кулбите бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ўзининг биринчи расмий учрашувини ўтказади. Илк рақиб – Шри-Ланка терма жамоаси.

Беллашув 29 июнь куни соат 19:30 да бошланади. Бу жамоамиз учун муҳим синов, муҳим имтиҳон. Термамиз сўнгги ойларда жиддий тайёргарлик кўрди, бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказди ва сўнгги таркибий ўзгаришлар орқали жамоавий уйғунликка алоҳида эътибор қаратди. Энди эса бу барча саъй-ҳаракатлар самараси амалда кўринадиган паллага етди.

Ушбу саралаш босқичи учун терма жамоамизга 26 нафар иқтидорли футболчи жалб этилди. Уларнинг аксарияти “Севинч”, “Бунёдкор-W”, “ОКМК-W” каби етакчи аёллар жамоалари сафидан. Шунингдек, легионерларимиз орасида Туркиядаги “Трабзонспор” клубида тўп сураётган Диёрахон Хабибуллаева ҳам бор. Бу эса термада тажриба ва халқаро ўйин маданиятининг уйғунлашуви таъминланганини англатади.

Таркибда Камола Зарипова, Илвина Аблякимова, Лайло Тиловова, Мадина Хикиматова, Шодиё Тошева, Дилнура Мамлакатова, Асалхон Аминиёнова, Оминахон Валиханова каби иқтидорлар жамоанинг ўқ-дори омбори эканини кўрсатади. Жамоанинг бош мураббийи – литвалик мутахассис Котрина Кулбите айни пайтда таркибдаги рақобат ва салоҳиятга ишонч билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу саралаш босқичи 2026 йили Австралияда ўтадиган Осиё кубогига йўлланма олиш учун ўтадиган муҳим босқич ҳисобланади. Бу нафақат терма жамоамиз учун, балки аёллар футболи равнақи учун ҳам жуда катта имконият.

Футбол мухлислари учун эса бугунги кеча нафақат тўп суриш, балки ифтихор ва эҳтирос кечасига айланиши мумкин. Чунки аёллар термамиз ўз юрти, ўз мухлислари кўз ўнгида муҳим қадамни ташламоқда. Бундай паллада жамоамизни қўллаб-қувватлаш ҳар бир спорт севар фуқаронинг вазифасидир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон аёллар термаси Шри-Ланкага қарши майдонга чиқади