Каталониянинг машҳур клуби “Барселона” трансфер бозорида яна катта қадам ташлашга тайёрланмоқда. Испан нашри Fichajes маълум қилишича, клуб “Бавария”нинг икки етакчи футболчиси — ҳужумчи Ҳарри Кейн ва ҳимоячи Дайо Упамеканога жиддий қизиқиш билдирган.
Маълумотларга кўра, “Барса” келаси ёзда таркибни сезиларли кучайтиришни режалаштирган. Хусусан, ҳужум чизиғида тажрибали тўпурар, ҳимояда эса ишончли тўсиқ кераклигини клуб раҳбарияти яхши англамоқда. Шу боис Деку бошчилигидаги спорт департаменти шорт-листга киритилган номзодлар билан дастлабки мулоқотларни бошлаб юборган.
Ҳарри Кейн — ҳозирги замон футболининг энг кучли форвардларидан бири сифатида тан олинган. Унинг жамоага қўшилиши “Барселона” ҳужум чизиғини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Упамекано эса ҳимоя марказида ишончли ўйини билан машҳур. Каталонияликлар учун унинг трансфери узоқ муддатли стратегик қадам бўлиши айтилаяпти.
Бироқ бу жараён осон кечмайди. “Бавария” бу икки футболчисини шунчаки қўйиб юбормайди. Мюнхен клуби учун ҳам Кейн, ҳам Упамекано жамоанинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, уларни сотиш учун жуда яхши таклиф бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.
“Барселона”нинг молиявий ҳолати ҳам бу жараёнда муҳим омил бўлади. Клуб охирги йилларда сарф-харажатларни қисқартиришга мажбур бўлган, аммо шу билан бирга янги спорт лойиҳаларини амалга ошириш ниятида. Кейинги мавсум олдидан бу каби трансферлар амалга ошса, Ла Лигадаги рақобат янада қизийди.
Каталония клубининг мухлислари эса эндигина янги юлдузлар қўшилишини интизорлик билан кутишмоқда. Агар “Барса” режаларини амалга оширса, келгуси мавсум улар яна Европанинг энг қудратли жамоалари қаторида бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!