
Ўзингиз биласиз, 5 декабрь куни Вашингтон шаҳрида тарихий тадбир — Жаҳон чемпионати учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Илк бор мундиалга йўлланма олган Ўзбекистон терма жамоаси қаердан жой олиши борасида турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Шу мавзуда футболда танилган эксперт Алишер Никимбаев ўз қарашларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, ҳозирча ФИФА қуръа ўтказишнинг якуний механизмини расман тасдиқламаган. Халқаро ташкилот бир нечта вариантларни ўрганиб чиқмоқда ва ҳозирча аниқ қарор мавжуд эмас. Никимбаев эса ФИФА ишчи гуруҳи билан бўлган мулоқотидан келиб чиқиб, икки эҳтимолий сценарийни шарҳлаб берди.
Биринчи вариант — 2022 йилги тартиб сақланса. Бу ҳолда плей-оффда ғолиб чиққан жамоалар автоматик равишда 4-саватчага жойлаштирилади. Ўзбекистон терма жамоаси эса 3-саватчанинг ўрта қисмида бўлади. Яъни рақибларимиз бироз кучлироқ бўлиши мумкин, аммо бу жамоамизнинг имкониятига жиддий таъсир қилмайди.
Иккинчи вариант — плей-оффдаги энг юқори рейтингга қараб тақсимлаш. Агар қарор шу тартиб билан тасдиқланса, плей-оффдан ўтган жамоалар ўртасида энг юқори рейтингга эга терма жамоа қаердан жой олса, қолганлари ҳам ўша тартибда жойлаштирилади. Бу сценарийда Ўзбекистон 4-саватчанинг бош қисмида бўлади.
Экспертнинг айтишича, ФИФАнинг ўзи ҳозирча аниқ жавоб бермаган:
“Қуръа механизми ишлаб чиқилмоқда, ҳали бир нечта вариантлар муҳокамада”, — дейишган ФИФАда.
Энг муҳими, расмий тартиб тез орада эълон қилинади ва шунда терма жамоамизнинг аниқ қаердан ўрин олиши маълум бўлади. Мундиалга илк қадам қўйган жамоамиз учун ҳар бир детал муҳим ва Қуръа куни ҳам мухлислар учун катта эҳтирос уйғотиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.