
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Италия футболидаги бугунги ҳолатни таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг миллий жамоага таъсири ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Италия чемпионатида маҳаллий футболчилар, айниқса, ёш истеъдодларга камроқ ишонч билдирилмоқда.
Каннаваронинг айтишича, бу тенденция Италия миллий терма жамоасининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатяпти. У 2006 йилги Жаҳон чемпионати олдидан Серия А майдонларида италиялик футболчилар ўртасида жуда кучли рақобат бўлганини эслади. Ана шу ички рақобат терма жамоанинг муваффақияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилган.
Мутахассис ҳозирги тайёргарлик тизимига ҳам танқидий ёндашди. Унинг фикрича, бугун ёш футболчиларга аввало тактик интизом ўргатишга урғу берилмоқда, ҳолбуки, футболчининг асосий қуроли — техника бўлиши керак. Каннаваро ёш футболчини қурилаётган уйга қиёслаб, унинг пойдевори тактика эмас, айнан техник маҳорат эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, у Жан Пьеро Гасперини қўллаётган услубларни намуна сифатида келтириб, ана шундай ёндашувлар орқали ёш футболчиларни жисмоний ва техник жиҳатдан анча самарали ривожлантириш мумкинлигини билдирди.
Каннаваронинг бу фикрлари нафақат Италия футболи, балки умумий футбол тизими учун ҳам муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда. Ушбу мулоҳазалар ёш авлодни тарбиялашда устувор йўналишларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бор эслатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.