date

Самвел Бабаян «Андижон»нинг кечаги мағлубияти ҳақида нималар деди?

Самвел Бабаян «Андижон»нинг кечаги мағлубияти ҳақида нималар деди?

Фото: Андижон ПФК

«Нефтчи» - «Андижон» (3:0) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида «бургутлар» бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этди.

- Биринчи навбатда мағлубият учун мухлисларимиздан узр сўрайман. Бу ўйинни албатта таҳлил қилиб чиқамиз. Голгача бўлган вазиятда жамоамиз тартибли ўйин кўрсатаётганди. Яхши вазиятлар яратаётгандик. Боакеда гол уриш учун яхши имконият бўлганди. Нима бўлганини тушунмай қолдим. Рақиб жамоада чемпионлик руҳи борлиги ҳам сезилиб турибди. Вилоят ҳокими Ҳайрулла Ҳайитбаевични яхши жамоа тузгани билан табриклаш мумкин. Тажрибали ва ёшлардан иборат келажак учун яхши шаклланган жамоа қуриляпти. Мағлубиятимиз сабаби нимада дейиш мумкин?

Албатта, буни ўрганиб чиқамиз. Тан олиш керакки, ўйиннинг барча компонентлари бўйича мағлубиятга учрадик. «Нефтчи» анча яхши ҳаракат қилди ва тартибли ўйин кўрсатди. «Нефтчи»га рақобатбардош, кучли жамоани шакллантириш учун беш йил вақт кетди. Бу мағлубият мен учун икки карра оғир. Негаки, бугунги «Нефтчи» тарихини ёзаётган футболчиларни ўз вақтида ўзим «она сутини бериб» катта қилганман, улар менинг шогирдларим. Улар жамоа ўйинини ҳал қилишяпти, бу факт.

Бизни ўйинимизга келсак, кучли ва рақобатбардош жамоани шакллантириш олдимизга мақсад қилиб қўйилган. Ишлашда ва хатоларни бартараф этишда давом этамиз. Бундай вазиятдан чиқиб кетишни яхши биламиз. Бунга албатта вақт керак. Ҳа, бу борада менинг олдимда 5 йил вақт йўқ, қисқа вақт бор. Ўйлайманки, яхши натижа қилишга ҳаракат қиламиз. Яна бир бор «Нефтчи»ни бугунги ғалаба билан табриклайман.

- «Андижон» биринчи турда яхши ўйнади ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо кейинги иккита турда мағлубиятга учради. Кейинги турларда олдинга ҳаракатланиш бўладими?

- «Сўғдиёна» билан яхши ўйин бўлганди. Биринчи турдаги ўйинда футбол байрами бўлганди. Тўғрисини айтадиган бўлсам, биз «Қизилқум» билан учрашувда мағлубиятга лойиқ эмасдик. Иккита зарба ва иккита гол. Бу жараёнларни таҳлил қиламиз. Андижон вилояти ҳокими ва ашаддий мухлислар яхши жамоани кўришга лойиқ.

- Тақвим ҳақида нима дея оласиз? Биринчи ўйиндан кейин кетма-кет иккита сафарда ўйнадинглар…

- Таҳлил қиламиз. Қисқача вақтимиз бор. Гап фақат сафар ўйинларида эмас, балки ўйинимиз сифатида. Натижа келтирадиган ўйинни, фалсафамизга мос тушадиган ўйин кўрсата олмаяпмиз. Ўйиннинг тенг ярмини ҳам назорат қила олмай қолдик. Голгача баъзи вазиятларда назорат қилиб бордик. Лекин голдан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Шу сабабли сафар учрашувларини эмас, ўйин сифатимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Бизда яхши футболчилар бор. Афсуски, ҳозирча ўйлаганларимиз амалга ошмаяпти.

- Драган Черан билан Имеда Ашортиани эрта алмаштирилиши нима билан боғлиқ?

- Ниманидир ўзгартириш керак эди. Тезликни, агрессивликни ўзгартириш лозим эди. Ўйинимиз яхши чиқмаётганлиги сабабли ниманидир ўзгартириш учун алмаштиришга мажбур бўлдик. Азиз Турғунбоев жароҳатидан энди қутулди. Хумоюнмирзо Иминов йиғинда ёмон ўйин кўрсатмади. Уларга имконият бериб, майдонда ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Нимадир ўзгарган бўлиши мумкин, тўп дарвозамиздан узоқлашди, бироқ ҳужумда натижа бўлмади. Натижа қилиш, гол уриш ўхшамади.

- Интернетда Остон Ўруновни «Андижон»га ўтиши ҳақида маълумотлар пайдо бўляпти. Бу қанчалик рост?

- Албатта, бу масала ҳозирча вертуал. Аммо шундай имконият пайдо бўлиши билан Остон «Андижон» сафига қўшилади. У бизга, жамоага ёрдам бермоқчи. «Андижон» сафида тўп тепиб жаҳон чемпионатига яхши тайёрланмоқчи.

- 15 март куни «Нефтчи» ва «Пахтакор» суперкубокда майдонга тушишади. Сиз иккала клубда ҳам ишлагансиз. Жамоаларни имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Йўқ, мен «Нефтчи»да ишламаганман.

- Юрий Саркисян пайтида унга ёрдам бергансизку…

- Сиз адашяпсиз. Мен Фарғонада умуман ишламаганман. Албатта, яхши ўйин бўлади. Ўзбекистонни иккита кучли жамоаси беллашади. Ким кучли бўлса ўша ғолиб бўлсин. «Пахтакор» менга бегона эмас. «Пахтакор»ни ДНКси бор. Лекин ҳозирда «Нефтчи»да мени шогирдларим кўпроқ. Чиройли ўйинга мухлислик қиламиз.

- «Нефтчи»нинг ғалабаларида Ислом Исмоиловнинг эффекти қанчалик деб ўйлайсиз?

- Очиқ айтадиган бўлсак, «Нефтчи»нинг ғалабаларида Ҳайрулла Ҳайитбаевичнинг меҳнати ётибди. Менимча, бу ерда ким мураббий бўлишини фарқи йўқ. Асосийси, тажрибали футболчилар йиғилишган. Жамоани шакллантиришга 6 йил вақт кетди ва бугун ўз самарасини беряпти. Бугунги кунда сифатли ўйин кўрсатяпти. Жамоадаги аура, яхши ижрочиларни харид қилиш, ёшларни тарбиялаш, ҳаммаси жамоа келажагига замин яратилмоқда.

- Сизнингча, чемпионликка даъвогар учта клуб қайси?

- Башорат қилишни ёқтирмайман. Ҳаммаси ҳали олдинда. Мен фақат ўз жамоам ҳақида гапиришим мумкин. Вилоят ҳокимининг таклифига биноан «Андижон»да ишлаяпман. Клубни турнир жадвалида юқорида бўлишини вилоят раҳбарияти хоҳлаяпти. Мақсад ўзгармайди. Футболчилар, мураббийлар, буни ҳис қилиб турибмиз. «Андижон»ни ўзбек футболининг етакчиларидан бири бўлишига ҳаракат қиламиз. Иштиёқ, инфратузилма, барча шароитлар бўйича «Андижон»да ҳаммаси етарли. Фақат озгина вақт керак. Асосий мақсадимиз, «Андижон»ни ўзбек футболининг етакчиларидан бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», - дея Бабаяннинг сўзларидан келтиради «Андижон» матбуот хизмати.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Самвел Бабаян «Андижон»нинг кечаги мағлубияти ҳақида нималар деди?