Роналду сут истеъмол қилишдан бутунлай воз кечди

«Ал-Насср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг узоқ йиллар давомида юқори савияда тўп суриши тасодиф эмас. 41 ёшли футболчи ҳамон аъло даражадаги жисмоний ҳолатни сақлаб келмоқда. Унинг собиқ шахсий ошпази Жоржио Бароне спортчининг муваффақият сирлари ва қатъий парҳези ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Бароненинг сўзларига кўра, Роналду ўз рационидан сут ва сут маҳсулотларини бутунлай чиқариб ташлаган. Футболчи буни соғлиқ ва тикланиш жараёни учун зарарли деб ҳисоблайди. Ошпазнинг таъкидлашича, Криштиану ҳар бир егулигига жуда эътиборли бўлиб, фақат табиий ва фойдали маҳсулотларни истеъмол қилишни афзал кўради.

Роналдунинг кундалик таомномасида асосан балиқ, товуқ гўшти, турли сабзавотлар, мевалар ва гуруч ўрин олган. Шунингдек, у шакар ва газланган ичимликлардан ҳам воз кечган. Бундай тартиб унга нафақат майдонда тезликни сақлашга, балки жароҳатлардан сўнг тезроқ тикланишга ёрдам беради.
Ҳозирда Саудия Арабистонининг «Ал-Насср» жамоасида тўп сураётган юлдуз ўзининг профессионал ёндашуви билан ёш футболчиларга намуна бўлиб келмоқда. Унинг ошпази Роналдунинг интизоми нафақат машғулотларда, балки ошхонада ҳам биринчи ўринда туришини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!