"Реал Мадрид" ярим ҳимоячиси Федерико Валверде фаолиятининг илк давридаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди

"Реал Мадрид" ва Уругвай терма жамоаси сардори Феде Валверде фаолиятининг илк йилларидаги қийинчиликлар ва кутилмаган воқеалар ҳақида сўзлаб берди. Футболчи Мадрид клубига ўтган илк даврларида ўзини бошқа дунёга тушиб қолгандек ҳис қилганини тан олди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Валверде "Кастилья" жамоасида ўйнаб юрганида жамоадошларининг қимматбаҳо машиналари ва бренд кийимларини кўриб, ўзини ноқулай сезган. Уругвайлик ярим ҳимоячи ўша пайтда кийимларини бошқалар кўрмаслиги учун тезда алмаштириб олишга ҳаракат қилганини эслади.
Машғулотлар жараёнида Валверде ўзининг кучли зарбалари билан дарвозабонларга жиддий муаммолар туғдирган. Хусусан, у машғулот пайтида мураббий Зинедин Зиданнинг ўғли Лука Зиданнинг елкасини жароҳатлаб қўйган.
Феде ўшанда клуб раҳбарияти уни бу хатоси учун жамоадан ҳайдаб юборишини кутган эди.
Шунингдек, футболчи болалигида овози билан боғлиқ муаммолар бўлганини ва бу унинг руҳиятига таъсир қилганини айтди. Молиявий қийинчиликлар сабабли жарроҳлик амалиётини ўтказа олмаган Валверде узоқ вақт давомида одамлар орасида гапиришдан уялиб юрган.
Испания Суперкубоги доирасида Алваро Моратага қарши ишлатган қўпол фолига тўхталар экан, Валверде бу жамоа ғалабаси учун зарур бўлганини таъкидлади. У ўша вазиятда қизил карточка олишини билган бўлса-да, "Реал Мадрид" манфаати учун таваккал қилганини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!