Неймарнинг ЖЧдаги иштироки сўроқ остида: Бразилия юлдузи қачон қайтади?

Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар Марокашга қарши бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувини ўтказиб юборади. Жамоа бош мураббийи Карло Анселотти футболчининг болдир мушакларидаги жароҳатидан ҳали тўлиқ фориғ бўлмаганини тасдиқлади. Гарчи "Селесао" уни келаси ҳафта машғулотларда кутаётган бўлса-да, ҳужумчининг умумий жисмоний ҳолати хавотирларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Неймар турнир олдидан ўтказилган йиғин вақтида жароҳат олган эди. Мухлислар унинг илк ўйингача сафга қайтишига умид қилишган бўлса-да, Анселотти матбуот анжуманида барча шубҳаларга чек қўйди. Бразилия терма жамоаси ўз гуруҳидаги энг қийин рақиблардан бирига қарши баҳсни ўз тарихидаги энг яхши тўпурарсиз бошлашга мажбур бўлади.
Тиббий кўрик натижаларига кўра, футболчида иккинчи даражали мушак шикастланиши аниқланган. Ҳозирда у индивидуал дастур асосида тикланиш жараёнини ўтамоқда. Карло Анселотти нима учун жароҳатланган юлдузни бошқа соғлом футболчига алмаштирмаганини тушунтириб ўтди. "Неймар нафақат техник маҳорати, балки тажрибаси ва ёш футболчиларга ўрнак бўлиши учун ҳам таркибга киритилган", — деди италиялик мутахассис.
УОЛ нашрининг хабар беришича, Неймар нафақат Марокаш, балки гуруҳ босқичининг бошқа ўйинларини ҳам ўтказиб юбориши мумкин. Шифокорлар унинг тикланиши учун камида 2-3 ҳафта вақт кетишини тахмин қилмоқдалар. Бу эса унинг 20-июн куни Гаитига қарши кечадиган иккинчи тур баҳсида иштирок этишини ҳам сўроқ остида қолдиради.
Мураббийлар штаби Неймарнинг жароҳатлар тарихини инобатга олган ҳолда, уни майдонга туширишга шошилмоқчи эмас. Футболчи охирги марта 17-май куни расмий учрашувда қатнашганини ҳисобга олсак, унинг ўйин амалиёти ва спорт формаси борасидаги муаммолар Бразилия терма жамоаси учун жиддий бошоғриқ бўлиб қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…