Фабио Каннаваро: Бу даражада ҳар бир хато қимматга тушади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг биринчи турида Колумбияга қарши ўтказилган учрашувдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Оқ бўрилар» мундиалдаги тарихий дебют баҳсида Колумбияга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, Каннаваро жамоанинг айрим жиҳатларидан, хусусан, иккинчи бўлимдаги жасоратли ва фаол ҳаракатларидан мамнун қолганини таъкидлади.
Италиялик мутахассиснинг айтишича, жаҳон чемпионатида футболчи ва мураббий сифатида иштирок этиш ўртасида катта фарқ бор. Футболчи майдонга чиқиб, мусобақа муҳити ва ўйиндан кўпроқ завқ олиши мумкин. Мураббий эса тайёргарлик, тактика, футболчиларнинг ҳолати ва учрашув давомидаги кўплаб масалаларни бир вақтнинг ўзида назорат қилиши керак.
«Мураббий сифатида жуда кўп нарсага эътибор қаратиш, кўплаб масалаларни назорат қилиш ва олдиндан тайёргарлик кўриш талаб этилади. Албатта, ҳаяжон ва бахт ҳисси бор, аммо охир-оқибат бутун диққатингиз жамоага қаратилади. Шу сабабли атрофдаги кўп нарсаларни сезмай ҳам қоласиз», — деди Каннаваро.
Унинг таъкидлашича, мураббий учун энг оғир жиҳат — майдон ташқарисида туриб, ўйинга тўлиқ аралаша олмасликдир. Футболчиларга ёрдам бериш, ҳар бир жараённи назорат қилиш истаги кучли бўлади, бироқ мураббий фақат айрим тактик ўзгаришлар орқали вазиятга таъсир кўрсата олади.
«Футболчиларга ёрдам бермоқчисиз, ҳамма нарсани назорат қилишни хоҳлайсиз, лекин буни тўлиқ амалга оширишнинг имкони йўқ. Фақат баъзи ўзгаришларни кирита оласиз. Шунинг учун мураббий майдон четида кўпроқ азият, ташвиш ва босимни ҳис қилади», — дея қўшимча қилди у.
Каннаваро Колумбияга қарши баҳсдан олинган асосий сабоқни ҳам очиқ айтди. Унинг фикрича, жаҳон чемпионати даражасида йўл қўйилган ҳатто кичик хато ҳам натижага жиддий таъсир кўрсатади.
Бош мураббий Ўзбекистон терма жамоаси баҳс давомида жамоавий, тартибли ва агрессив футбол намойиш этганини қайд этди. Аммо айрим эпизодлардаги диққатсизлик тажрибали рақиб томонидан дарҳол жазоланди.
«Биз ажойиб ўйин ўтказдик. Жамоавий ҳаракат қилдик, агрессив ва интизомли бўлдик. Лекин бу даражада бир лаҳза диққатни йўқотсангиз ёки рақиб футболчисини назоратсиз қолдирсангиз, албатта жазоланасиз», — деди мутахассис.
Каннаваронинг сўзларига кўра, Колумбиянинг биринчи голи урилган вазият машғулотлар давомида узоқ вақт ўрганилган ва унга қарши ҳаракат қилиш режаси ишлаб чиқилган. Шунга қарамай, ҳал қилувчи пайтда хато юз берди. Иккинчи гол эса аутдан кейинги эпизодда киритилди.
«Мен футболчиларга марказий ҳудуд орқали ўйнамаслик лозимлигини айтгандим. Чунки у ерда тўпни йўқотиш жуда хавфли. Бундай даражада хатолар сонини имкон қадар камайтиришимиз шарт», — деди Каннаваро.
Шу билан бирга, италиялик мураббий иккинчи бўлимда жамоа ўзи истаган футболни намойиш этганини алоҳида эътироф этди. Танаффусдан кейин Ўзбекистон тўпни кўпроқ назорат қилишга, олдинга интилишга ва рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишга ҳаракат қилди.
«Мен футболчиларга доим айтаман: тўп бизда бўлганида ўз услубимизни кўрсатишимиз керак. Футболдан қўрқмаслик, ўзимизга ишониш ва ўйиндан завқ олишимиз лозим. Иккинчи бўлимда жамоа айнан шу фазилатларни намойиш этди», — деди бош мураббий.
Ўзбекистон футболчилари иккинчи бўлимда ташаббусни қўлга олишга уриниб, гол уришга ва яна бир қатор қулай имкониятларга эга бўлди. Бироқ учрашув якунида ўтказиб юборилган учинчи гол жамоанинг вазиятини янада оғирлаштирди.
Шунга қарамай, тарихий дебютдаги мағлубият Ўзбекистон учун муҳим тажриба бўлди. Каннаваро шогирдлари бу даражадаги ҳар бир эпизод, ҳар бир қарор ва диққатнинг ҳар бир сонияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини амалда ҳис қилди.
Энди «Оқ бўрилар» Колумбияга қарши учрашувда йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиб, кейинги баҳсларда янада ишончли ва хатосиз ҳаракат қилишга интилади.































Изоҳлар 0
…