Швейцария Канадани мағлуб этди, Босния Қатардан устун келди (видео)

2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувлари бошланди. «B» гуруҳида Швейцария терма жамоаси мусобақа мезбонларидан бири Канадани 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳдаги пешқадамлигини мустаҳкамлади.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Аммо танаффусдан кейин Швейцария ўйин суръатини оширди. 46-дақиқада Рубен Варгас жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса, 57-дақиқада Манзамби устунликни икки тўпга етказди.
Канада 76-дақиқада Жонатан Дэвиднинг голи орқали ҳисобни қисқартирди. Шунга қарамай, мезбонлар қолган вақтда ҳисобни ўзгартира олмади ва мағлубиятга учради. Шу тариқа, Швейцария 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Канада эса 4 очко билан иккинчи поғонада қолди.
ЖЧ-2026. «B» гуруҳи, 3-тур
Швейцария — Канада — 2:1
Голлар: Варгас, 46; Манзамби, 57 — Дэвид, 76.
Швейцария: Кобел, Жаке, Элведи, Аканжи, Родригес, Фройлер, Жака, Манзамби, Соу, Варгас, Эмболо.
Канада: Крепо, Жонстон, де Фугероллес, Корнелиус, Ларейя, Бюкенен, Шуаниер, Салиба, Аҳмад, Дэвид, Ларин.
Гуруҳда учинчи ўрин учун кечган баҳсда Босния ва Ҳерцеговина Қатарни 3:1 ҳисобида таслим этди. Учрашувнинг 29-дақиқасида Алайбегович ҳисобни очди. Орадан беш дақиқа ўтиб, Ал Бурайк тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Қатар 43-дақиқада Ал Ҳайдоснинг голи орқали ҳисобни қисқартирди. Бироқ 80-дақиқада Маҳмич учинчи тўпни киритиб, Босниянинг ғалабасини таъминлади.
Ушбу учрашув Босния ва Ҳерцеговина терма жамоаси сардори Эдин Жеко учун алоҳида аҳамият касб этди. Тажрибали ҳужумчи миллий жамоа сафидаги 150-ўйинини ўтказди.
Босния ва Ҳерцеговина — Қатар — 3:1
Голлар: Алайбегович, 29; Ал Бурайк, 34 — автогол; Маҳмич, 80 — Ал Ҳайдос, 43.
Босния ва Ҳерцеговина: Васил, Раделич, Катич, Малич, Колашинац, Байрактаревич, Шунич, Башич, Алайбегович, Демирович, Жеко.
Қатар: Абунада, Педро, Ҳуҳи, Лайе, Ал Бурайк, Абдулсалом, Фатҳи, Будиаф, Ал Ҳайдос, Эдмилсон, Афиф.
Тур якунларига кўра, Швейцария 7 очко билан гуруҳда биринчи, Канада 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Босния ва Ҳерцеговина ҳам 4 очко тўплади, аммо қўшимча кўрсаткичлар бўйича учинчи поғонада қолди. Қатар эса 1 очко билан гуруҳни сўнгги ўринда якунлади.































Изоҳлар 0
…