Конголиклар Ўзбекистонга қарши ўйинни «ҳаёт-мамот баҳси» деб атади

Конголиклар Ўзбекистонга қарши ўйинни «ҳаёт-мамот баҳси» деб атади

2026 йилги жаҳон чемпионатининг «К» гуруҳида сўнгги икки поғонани эгаллаб турган Конго Демократик Республикаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларида ҳамон плей-офф босқичига чиқиш имконияти сақланиб қолмоқда.

Гуруҳ босқичининг иккинчи турида ҳар икки жамоа мағлубиятга учради. Ўзбекистон Португалияга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Конго Демократик Республикаси Колумбияга минимал ҳисобда ютқазди. Шу тариқа, конголиклар кейинги босқич йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритиш имкониятидан фойдалана олмади.

Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси бош мураббийи Себастьен Десабр Колумбияга қарши учрашувдаги мағлубият ва Ўзбекистон билан бўладиган ҳал қилувчи баҳс ҳақида фикр билдирди.

«Бу мағлубиятни қабул қилишимиз, бошимизни баланд тутиб, имкони борича тезроқ курашга қайтишимиз керак. Албатта, дуранг қайд этганимиз яхши бўларди, аммо тан олиш лозимки, Колумбия кучлироқ эди.

Улар тўпни жуда яхши назорат қилди, биз эса ўйинга кеч киришдик. Иккинчи бўлимда анча яхшироқ ҳаракат қилдик, аммо бу футбол. Энди бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қилиб, олдинга ҳаракатланишимиз лозим», — деди Десабр.

Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа Португалияга қарши биринчи ўйинда жаҳон чемпионатидаги илк голини урганидан мамнун. Конголиклар буни муҳим тажриба сифатида қабул қилмоқда.

«Биринчи голимиздан хурсандмиз ва буни тажриба орттириш жараёнининг бир қисми деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонга қарши учрашув осон бўлмайди, чунки улар яхши ҳимояланади. Лекин биз майдонда бор кучимизни ишга соламиз. Ҳозир энг муҳими — дам олиш ва куч-қувватни тиклаш», — дея қўшимча қилди мураббий.

Конго Демократик Республикаси футбол федерацияси бош котиби Лилиан Тшимпумпу ҳам Ўзбекистонга қарши учинчи тур учрашувини жамоа учун ҳал қилувчи баҳс деб атади.

«Биз жуда қийин гуруҳга тушдик ва аллақачон мусобақанинг асосий фаворитларига қарши ўйнаб бўлдик. Энди Ўзбекистон билан бўладиган баҳсни терма жамоамиз учун “ҳаёт ўйини” деб аташ мумкин. Футболчиларимиз ҳам бу ҳақда очиқ гапира бошлади.

Менимча, Ўзбекистон айнан бизга қарши учрашувда турнирдаги энг яхши ўйинини намойиш этишга ва илк очколарини қўлга киритишга ҳаракат қилади», — деди Тшимпумпу.

Ҳозирча Колумбия 6 очко билан «К» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. 4 очко тўплаган Португалия иккинчи, 1 очкога эга Конго Демократик Республикаси эса учинчи ўринда бормоқда. Ҳисобида ҳали очко бўлмаган Ўзбекистон гуруҳнинг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди.

Конго Демократик Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳал қилувчи учрашув 28 июнь куни АҚШда бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 04:30 да бошланади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар