Виталий Денисов Ўзбекистоннинг муаммоси нимада эканини очиб берди

Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихидаги илк жаҳон чемпионатининг дастлабки икки учрашувида кучли рақибларга қарши майдонга тушди. Вакилларимиз Колумбияга 1:3, Португалияга эса 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Миллий жамоанинг собиқ футболчиси Виталий Денисов ушбу натижалар ва бош мураббий Фабио Каннаваронинг иши ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Денисовнинг таъкидлашича, италиялик мутахассисга жамоага янги тактик услубни сингдириш ва айнан шу тизимга мос футболчиларни танлаб олиш учун етарлича вақт берилмаган.
«Фабио Каннаварога Ўзбекистон терма жамоасида янги ўйин услубини жорий қилиш ва шу тактикага мос футболчиларни танлаш учун вақт етишмади. Уч нафар ҳимоячи билан ўйнаш тизимига бир кунда мослашиб бўлмайди», — деди у.
Собиқ футболчининг фикрича, бундай тактик схема футболчилардан ўзига хос хусусиятларни талаб қилади. Мураббийлар штаби эса қисқа вақт ичида тизимни тўлиқ шакллантириш имконига эга бўлмаган.
«Бу схема доимий қўлланилиши учун муайян фазилатларга эга футболчилар керак. Мураббийлар штабида эса барчасини тўлиқ амалга оширишга вақт бўлмади. Нима бўлса, шу бўлди», — дея қўшимча қилди Денисов.
У, шунингдек, Каннаваро ўрнида бошқа мураббий бўлганида натижа албатта ўзгарган бўларди, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди.
«Унинг ўрнида бошқа мураббий ишлаганида натижа бошқача бўларди, деб аниқ айта олмаймиз. Бу саволга ҳеч ким ишончли жавоб бера олмайди», — деди Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Конго Демократик Республикаси миллий жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи учрашув 28 июнь куни АҚШда бўлиб ўтади.
Ҳар икки жамоа учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлган баҳс Тошкент вақти билан соат 04:30 да бошланади.































Изоҳлар 0
…