Неймар германиялик иқтисодчининг хато башоратини ижтимоий тармоқларда масхара қилди

Бразилия терма жамоаси юлдузи Неймар 2026-йилги Жаҳон чемпионати доирасида Япония устидан қозонилган ғалабадан сўнг, ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида германиялик иқтисодчи Ёахим Клементнинг устидан кулди. Клемент ўзининг математик модели орқали японларнинг ғалабасини башорат қилган эди, бироқ майдондаги натижа мутахассиснинг ҳисоб-китобларига зид бўлиб чиқди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Жаҳон чемпионатининг 1/16 финал босқичида Бразилия терма жамоаси Япония устидан 2:1 ҳисобида қийин ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан сўнг Неймар Х (собиқ Twitter) тармоғида Клементга қарата: "Жаноб Ёахим Клемент... илтимос, кейинги Жаҳон чемпионатида яна бир бор уриниб кўринг", дея кинояли пост қолдирди. Бу билан футболчи иқтисодчининг Бразилия турнирдан чиқиб кетиши ҳақидаги тахминлари асоссиз эканлигини таъкидлади.
Математик модел ва кутилмаган мағлубият
Ёахим Клемент шунчаки ҳаваскор эмас, у 2014, 2018 ва 2022-йиллардаги Жаҳон чемпионлари ким бўлишини аниқ топган математик ва иқтисодчи сифатида танилган эди. Турнир олдидан у ўз моделига таяниб, Бразилиянинг ҳозирги авлоди энг яхши спорт формасида эмаслигини, Япония эса аксинча, кучли жамоага айланганини айтган эди. Унинг башорати кўпчилик учун кутилмаган ва ҳатто абсурддек туюлган бўлса-да, мутахассис ўз ҳисоб-китобларига ишонган эди.Учрашув давомида Карло Анчелотти бошчилигидаги Бразилия ҳақиқатдан ҳам жиддий қаршиликка дуч келди. Япония терма жамоаси ўйин охиригача беш карра жаҳон чемпионларини хавотирда ушлаб турди. Бироқ учрашув якунида Раяннинг фаоллиги ва Бруно Гуимараеснинг узатмасидан сўнг Габриел Мартинелли томонидан киритилган гол "Селесао"ни кейинги босқичга олиб чиқди.
Неймарнинг "ов"и давом этади
Goal.com нашрининг хабар беришича, Неймар фақат Япония билан боғлиқ хато устидан кулиш билан чекланиб қолмади. У иқтисодчининг бошқа башоратларини ҳам кузатиб борди. Клемент ушбу турнирда Нидерландия терма жамоасининг чемпион бўлишини ҳам тахмин қилган эди. Аммо нидерландлар Марокашга пеналтилар сериясида имкониятни бой бергач, Неймар яна саҳнага чиқди.Бразилиялик ҳужумчи иқтисодчига жавобан яна бир қисқа ва лўнда хабар қолдирди: "Сиз яна адашдингиз". Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотиб, футболчининг ўзига хос ҳазиломуз характерини яна бир бор намойиш этди.
Бразилия терма жамоаси турнирдаги юришини давом эттирмоқда ва Неймар каби етакчиларнинг руҳий ҳолати жамоанинг умумий кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Иқтисодчи Клемент учун эса бу йилги турнир унинг енгилмас башоратлар сериясига якун ясади. Футболда математик ҳисоб-китоблар ҳар доим ҳам майдондаги ирода ва маҳорат қаршисида доц. бера олмаслиги яна бир бор исботланди.






























Изоҳлар 0
…