Лионель Месси ва Муҳаммад Салах билан учрашув: Эмма Ҳаес унутилмас лаҳзалар ҳақида

АҚШ аёллар терма жамоаси бош мураббийи Эмма Ҳаес Жаҳон чемпионати доирасидаги Аргентина ҳамда Миср ўртасидаги учрашувда футбол оламининг икки афсонаси — Лионель Месси ва Муҳаммад Салах билан юзма-юз келди. Олимпиада олтин медаллари соҳиби бўлган мураббий учун ушбу учрашув ҳаётидаги энг ҳаяжонли лаҳзалардан бирига айланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Goal.com нашрининг хабар беришича, Ҳаес Аргентина ва Миср ўртасидаги нимчорак финал баҳси олдидан ўтказилган рамзий қуръа ташлаш маросимида иштирок этиш учун таклиф қилинган. Майдон марказида икки буюк сардор — Лионель Месси ва Муҳаммад Салах ўртасида турган мураббий ўз ҳаяжонини яшира олмади. Ушбу лаҳзалар акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Эмма Ҳаес ўзининг Instagram саҳифасида ушбу воқеага тўхталар экан, ўзини худди ёш боладек ҳис қилганини таъкидлади. “Футбол тарихидаги энг буюк икки ўйинчи билан қўл бериб кўришиш имконияти мен учун унутилмас кун бўлди. Мен шунчаки футболни жуда яхши кўраман”, деб ёзди мураббий ўз постида. Унинг ушбу ҳаяжонли сўзларига «Арсенал» афсонаси Иан Райт ҳам муносабат билдириб, Ҳаесни аёллар футболининг “қўшсиз қироличаси” (ГОАТ) деб атади.
Драма ва иродали ғалаба
Учрашувнинг ўзи ҳам кутилганидан анча шиддатли ва драматик руҳда ўтди. Миср терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпионларига қарши муносиб қаршилик кўрсатиб, узоқ вақт ҳисобда олдинда боришди. Бироқ ўйин якунига яқин Аргентина ўз характерини намойиш этди. 79-дақиқада «Тоттенхем» ҳимоячиси Кристиан Ромеро ҳисобни қисқартирган бўлса, кўп ўтмай Лионель Месси мувозанатни тиклади.Лионель Месси ушбу голи билан Жаҳон чемпионатларидаги ўз рекордини янгилади ва фаолиятидаги 21-голини расмийлаштирди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 92-дақиқада эса Энзо Фернандез боши билан дарвозани ишғол қилиб, «Албиселесте»га 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабани ҳамда чорак финал йўлланмасини тақдим этди.
Эмма Ҳаес ҳозирда эркаклар ўртасидаги турнирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётган бўлса-да, унинг асосий эътибори ўз жамоасига қаратилган. 2024-йилнинг май ойида АҚШ аёллар терма жамоасини қабул қилиб олган мутахассис қисқа вақт ичида жамоани Париж Олимпиадасида олтин медалларга етаклаб келди. Эндиликда унинг олдида навбатдаги жаҳон биринчилигида бош совринни қўлга киритиш вазифаси турибди.






























Изоҳлар 0
…