ЖССТ огоҳлантирди: ҳар беш инсондан бири саратонга чалинади

ЖССТ огоҳлантирди: ҳар беш инсондан бири саратонга чалинади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) саратон касаллиги бўйича янги ҳисоботини эълон қилди. Унда қайд этилишича, тиббиётдаги катта ютуқлар ва янги даволаш усулларига қарамай, бу хасталик ҳали ҳам инсоният учун энг жиддий хавфлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ташкилот маълумотларига кўра, дунёда ҳар беш нафар инсондан бири умри давомида саратонга чалиниши мумкин. Шунингдек, аҳолининг қарийб 92 фоизи бевосита ёки яқинлари орқали ушбу касаллик билан тўқнаш келади.

ЖССТ вакили доктор Андре Илбавининг таъкидлашича, сўнгги йилларда саратонни даволаш бўйича муҳим илмий кашфиётлар қилинган бўлса-да, беморлар ҳануз оғир жисмоний, руҳий ва молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Ҳисоботда давлатлар ўртасидаги тиббий имкониятлар тафовути тобора кучайиб бораётгани ҳам қайд этилган. Бой мамлакатларда кўкрак саратони ёки болалар саратонига чалинган беморларнинг 85 фоизи камида беш йил яшаса, камбағал давлатларда бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.

Ҳозирги кунда ҳар йили дунё бўйича тахминан 20,6 миллион кишида саратон аниқланади, 10 миллионга яқин инсон эса ушбу касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Мутахассислар прогнозига кўра, 2050 йилга бориб янги касалланиш ҳолатлари сони 35 миллионгача кўпайиши мумкин.

ЖССТ маълумотларига кўра, кам даромадли давлатларда саратонга қарши энг зарур дориларнинг атиги 9–54 фоизи мавжуд. Баъзи мамлакатларда эса радиотерапия ускуналари умуман йўқ. Бу эса ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкониятларини кескин чекламоқда.

Мутахассислар яна бир жиддий муаммога эътибор қаратди. Дунё мамлакатларининг қарийб учдан икки қисмида саратонни даволаш давлат томонидан тўлиқ қопланмайди. Даволаш харажатлари юқорилиги сабабли айрим ҳудудларда беморларнинг катта қисми муолажани ярим йўлда тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

Шу билан бирга, ҳисоботда ижобий янгиликлар ҳам келтирилган. Хусусан, бачадон бўйни саратонининг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича самарали ечимлар пайдо бўлгани, кўплаб давлатларда тамаки истеъмоли камайиб бораётгани ҳамда миллий онкология дастурлари кенгайиб бораётгани таъкидланган.

Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги мутахассислари фикрича, ҳар ўнта янги саратон ҳолатининг тўрттаси тамаки чекиш, алкоголь истеъмоли, инфекциялар ва ортиқча вазн каби олдини олиш мумкин бўлган хавф омиллари билан боғлиқ.

ЖССТ ҳукуматларни профилактика, эрта ташхис ва даволаш тизимларини кучайтириш, шунингдек, саратонга қарши хизматларни аҳоли учун янада очиқ ва молиявий жиҳатдан қулай қилишга чақирди. Бу орқали миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлиги таъкидланмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар