Челси трансфер бозорида портлаш қилди: Морган Роджерс рекорд суммага сотиб олинди

Лондоннинг Челси клуби ёзги трансфер ойнасидаги энг шов-шувли келишувлардан бирини амалга оширди. "Кўклар" Астон Вилла ярим ҳимоячиси Морган Роджерс трансфери бўйича келишувга эришди. Мазкур келишув нафақат клуб, балки бутун Англия футболи учун рекорд кўрсаткичларни янгилаши кутилмоқда. Мазкур трансфер жараёнида Лондоннинг бошқа бир жамоаси — Арсенал ҳам фаол иштирок этган эди, бироқ якунда футболчи Стамфорд Бридге вариантини танлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
The Athletic нашри хабарига кўра, Челси ва Астон Вилла ўртасидаги келишув қиймати 117 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Бу сумма Морган Роджерсни клуб тарихидаги энг қиммат ўйинчига айлантиради. Шу пайтгача рекорд 2023-йилда 106 миллион фунт эвазига сотиб олинган Энзо Фернандезга тегишли эди. Шунингдек, ушбу трансфер Манчестер Сити томонидан Эллиот Андерсон учун тўланган 116 миллион фунтлик Британия рекордини ҳам янгилади.
Хаби Алонсо омили ва шартнома тафсилотлари
23 ёшли Англия терма жамоаси аъзоси Челси лойиҳасини танлашида жамоанинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо катта рол ўйнади. Маълум қилинишича, Баер Леверкусен билан муваффақият қозонган мутахассис футболчи билан шахсан гаплашиб, уни клубнинг келажакдаги режаларига ишонтира олган. Роджерс ва клуб ўртасида 2032-йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартнома бўйича шахсий келишувга эришилган бўлиб, у яна бир йилга узайтирилиши ҳам мумкин.Морган Роджерс Астон Вилла таркибида ҳақиқий юлдуз даражасига кўтарилди. У Бирмингем клуби сафида 125 та учрашувда майдонга тушиб, 31 та гол ва 29 та голли узатмани амалга оширди. Айниқса, 2025-26 йилги мавсумда у 14 та гол ва 12 та ассист қайд этиб, жамоасининг Европа лигасида ғолиб чиқиши ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишида асосий фигура бўлди.
Астон Вилла учун катта молиявий фойда
Ушбу трансфердан Астон Вилла билан бир қаторда Мидлсбро клуби ҳам катта фойда кўради. Гап шундаки, Роджерс 2024-йилда атиги 7 миллион фунтга сотиб олинганда, шартномага кейинги сотувдан 20 фоиз улуш олиш банди киритилган эди. Унаи Эмерй жамоаси эса тушган маблағларни таркибни кучайтиришга йўналтиришни бошлаб юборган. Клуб аллақачон Жоҳан Манзамби ва Жоау Гомес каби ўйинчиларни таркибга қўшиб олган.Ҳозирда футболчи Англия терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. У турнир давомида Панама ва Аргентинага қарши баҳсларда асосий таркибда майдонга тушди ҳамда ярим финалда Антонй Гордон томонидан урилган голга ассистентлик қилди. Goal.com маълумотига кўра, Роджерс халқаро мажбуриятларини якунлаб қайтгач, душанба куни тиббий кўрикдан ўтади ва расман Челси аъзоси сифатида таништирилади.






























Изоҳлар 0
…