Гарри Магуайр Манчестер Юнайтедни янги мавсумга тайёргарликка чорлади

Гарри Магуайр Манчестер Юнайтед Майкл Каррик қўл остида қўлга киритилган ижобий суръатни янги мавсумда ҳам давом эттириши кераклигини таъкидлади. Каррик жамоани бошқарганидан буён клуб Англия Премер-лигасида 12 та ғалаба қозониб, 33 та гол урди. Манчестер Юнайтед мавсумолди йиғинида Розенборг ва Атлетико Мадридни мағлуб этди, Пари Сен-Жермен билан эса дуранг ўйнади.
Англиянинг Манчестер Юнайтед клуби марказий ҳимоячиси Гарри Магуайр жамоа бош мураббийи Майкл Каррик қўл остидаги ижобий суръатни янги мавсумда ҳам давом эттириши лозимлигини таъкидлади. Тажрибали футболчининг фикрича, жамоа олдинга қадам ташлаш учун барча имкониятларга эга ва мавсум стартини муваффақиятли бошлаш умумий мақсадларга эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълумки, Майкл Каррик жорий йилнинг май ойида 2025-26 йилги мавсум якунларидан кейин Манчестер Юнайтеднинг доимий бош мураббийи этиб расман тайинланган эди. Мутахассис январ ойида жамоа бошқарувини қўлга олгандан буён қизил иблислар Англия Премер-лигасида бошқа ҳар қандай рақобатчига қараганда кўпроқ ўйинда ғалаба қозониб (12 та), энг кўп гол (33 та) киритишга муваффақ бўлди.
Янги тактик ғоялар ва мавсумолди тайёргарлик
Клуб расмий ОАВ берган маълумотга кўра, Гарри Магуайр жамоанинг мавсумолди ўйинларидаги ҳаракатларига тўхталиб ўтди. Манчестер Юнайтед йиғин доирасида Розенборг ва Атлетико Мадрид устидан ғалаба қозонди, шунингдек, Европа чемпиони Пари Сен-Жермен билан кечган баҳсда дуранг қайд этди.33 ёшли ҳимоячи Каррик келганидан буён қўлга киритилган очколар сони жамоа учун асосий кўрсаткич бўлиши кераклигини таъкидлади: "Агар шу суръатни давом эттира олсак, бу ажойиб бўларди. У келганидан бери энг кўп Премер-лига очколарини жамғардик, шунинг учун бу сафар ҳам мақсадимиз шундан иборат бўлади".
Шу билан бирга, Магуайр мавсумолди жараёнида янги тактик усуллар устида ишланаётганини қўшимча қилди: "Бизда янги ғоялар ва ўйнаш усуллари пайдо бўлади. Мураббий биздан кўришни истаган турли тактикалар бўлади. Кўпгина ўйинларда яхши ҳаракат қилдик, бироқ бундан ҳам яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Футболчилар сифатида буни тушунамиз".
Жисмоний ҳолат ва шахсий тайёргарлик
Томас Тухел Гарри Магуайрни Англия терма жамоасининг ёзги жаҳон чемпионати таркибига киритмагани футболчига тўлиқ мавсумолди тайёргарлик жараёнидан ўтиш имконини берди. Қишдан буён Каррик қўл остида ишончли ўйин кўрсатган марказий ҳимоячи Премер-лигада ўз жамоадошлари орасида энг кўп яккакураш (44 та) ғолиби бўлди.Магуайр жисмоний ҳолати ҳар ҳафта яхшиланиб бораётганини эътироф этиб, терма жамоалар сафида ҳаракат қилган футболчиларнинг қайтишини ижобий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, майдондаги 60 дақиқалик ўйинлар ўзига бўлган ишончни тиклаш ва оптимал спорт формасига киришда муҳим қадам бўлмоқда.






























Изоҳлар 0
…