Эртага "Локомотив" - "Ал Ваҳда" учрашуви олдидан ўйинолди матбуот анжумани ўтказилади

  • 10 февраль 2018, 23:49
  • 1 814
  • Спорт
  • Эртага "Локомотив" - "Ал Ваҳда" учрашуви олдидан ўйинолди матбуот анжумани ўтказилади
    12 февраль куни "Локомотив" Осиё Чемпионлар Лигаси-2018 гуруҳ босқичи илк тур ўйинини ўтказади. "Темирйўлчилар" 1-турда БААнинг "Ал Ваҳда" клубига қарши баҳс юритишади.

    Эртага, 11 февраль куни мазкур учрашув олдидан расмий тадбирлар бўлиб ўтади. Жумладан, соат 11:00да ҳар икки клуб расмийлари ўйинолди митингда иштирок этишади. Унда жамоаларнинг ўйинни қандай либосда ўтказишларига ойдинлик киритилади. Соат 12:00да эса "Локомотив" стадиони матбуот анжуманлари залида "Ал Ваҳда" бош мураббийи ҳамда жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири иштирокида матбуот анжумани ташкил этилади. Соат 12:15да "Локомотив" устози ва бир нафар футболчиси билан ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтади.

    Соат 14:45да "Локомотив" жамоаси расмий машғулот ўтказади. Соат 16:00дан бошлаб "Ал Ваҳда" жамоаси ўзининг ўйинолди расмий машғулотини ўтказади. Ҳар икки машғулотнинг ҳам дастлабки 15 дақиқаси ОАВ вакиллари учун очиқ тарзда ўтади. Барча турдаги ОАВ вакилларини эртага матбуот анжумани ҳамда расмий машғулотга таклиф этамиз.

    Матбуот анжуманидан сўнг журналистларга аккредитацион карталар ҳамда ўйин куни бевосита медиа-трибунада ўтириб ишлаш имконини тақдим этадиган медиа-чипта тарқатилади.

    Манба: lokomotiv.uz

    » » Эртага "Локомотив" - "Ал Ваҳда" учрашуви олдидан ўйинолди матбуот анжумани ўтказилади