06:30 / 28.03.2018
4 171

22 ёшли етакчи - у ким ва нималарга қодир?

22 ёшли етакчи - у ким ва нималарга қодир?
«Сиз танимайдиган кучли футболчи» туркум мақолаларининг янги қаҳрамони - Никлас Штарк.

- Болалигимдан етакчи бўлишни хоҳлаганман. Мураббийларим бу борада мени ҳамиша қўллаб-қувватлашган, ўшандаёқ майдонда жараённи бошқаришим, кўп масъулиятни зиммамга олишим кераклигини уқтиришган.

Ҳаттоки, сардорлик вазифасини ҳам менга топширишган, - дейди Штарк.

Орадан ҳеч қанча муддат ўтмади ва 2014 йилнинг ёзида Никлас сардор сифатида Германия термасини Евро U-19 финалига олиб чиқди. Бу пайтга қадар у «Ньюрнберг» сафида Бундеслигада 24та ўйин ўтказиб улгурганди. Клуб мутасаддилари ёш тарбияланувчининг шаънига мақтовлар ёғдириб, унинг термадаги обрўси юксак маҳоратидан далолат эканини таъкидлашганди.

Ўтган йилнинг ёзида Штарк ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ғолибига айланиб, янги авлод вакилларини шуғуллантирувчи мураббийларга ҳам ўзидаги етакчилик қобилиятини кўрсатиб қўйди. Никласнинг таъкидлашича, майдондаги бундай роль кучли жиҳатларини кўрсатишда ёрдам беради.

- Менимча, майдондаги етакчи - тушкунликка тушган шеригини ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганига ишонтириб, курашишда давом этишга ундайдиган киши, - дейди Штарк.

Никлас бу борада Жеррардни кумир ҳисоблайди. 2005 йилги ўша машҳур финални у «Милан» мухлиси ҳисобланувчи укаси билан бирга кузатган, ўзи эса «Ливерпул»га ишқибозлик қилганди.

Танаффусгача 0:3 ҳисоби қайд этилгач, Штарк хонадан чиқиб кетган, аммо Стивеннинг голидан сўнг қайтиб, учрашувни охирига етказиб қўйганди.

- Жеррард керакли пайтда тўғри ҳаракат қилган, жамоасига ишонч улашган - бу эса етакчининг асосий вазифаси. Айниқса, менга унинг шерикларига имо-ишоралар билан кўрсатмалар бера олиши ёқади. Майдондаги шериклар бир-бирларини сўзсиз тушунишлари жуда муҳим, - дейди Никлас.

Штарк 22 ёшида Бундеслигада юздан ортиқ ўйинда майдонга тушди, Берлиннинг «Герта» клубидаги шериклари эса уни кийиниш хонасида яққол етакчи эканини таъкидлашади.

Никлас бироз камтарлик қилиб, шунчаки, кўпроқ суҳбатлашиши ва жамоа яхлитликни сақлаб қолиши учун бор кучини сарфлаётганини айтади. Унинг учун ягона етакчи ва ўқитувчи йўқ, ҳамма бир-биридан ўрганиши, билмаганини сўрашдан қўрқмаслиги муҳимроқ.

У қандай ўйнайди?
Никлас учун қадрдон позиция - ҳимоя маркази. «Ньюрнберг»даги дас­тлабки ўйинлари ва Германия ёшлар термасидаги баҳсларни айнан шу чизиқда ўтказган.

Штаркнинг айтишича, тажрибали Себастьян Лангкамп билан жуфтликда ўйнаш унга ишонч бағишлаган, турли маслаҳатлар олиб, саволларига жавоб топган.

Бироқ қишда Себастьян «Вердер»га кетгач, Никлас мудофаа чизиғидаги бор масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур бўлди. Эндиликда Штаркдан кўп ҳолларда шерикларига тавсия бериш талаб этилади, бунга эса кўникиш осонмас. Ҳимоячидаги классик кўникмалар борасида Никласда муаммо йўқ.

У ҳамиша вазиятни тўғри баҳолайди, айниқса, юқоридан йўлланадиган узатмалар пайти бошини тез-тез қимирлатади. Шу тариқа асосий эътиборни тўпга эмас, қўриқлаётган рақибга қаратиш имкони ошади. Бундан ташқари, Штарк мавсумнинг иккинчи қисмида яккакурашларнинг 65 фоизида устун келди - бу лигадаги энг яхши кўрсаткичлардан бири.

«Герта» бош мураббийи Дардаи жорий мавсумдан бошлаб Никласдан таянч ярим ҳимоясида фойдаланмоқда. Футболчининг ўзи бу роль бироз ноқулайлиги, ушбу позицияда ўйнаш учун жисмоний ҳолатини янада яхшилаши лозимлигини тан олди. Бинобарин, мураббийнинг қарорини тушуниш мумкин.

Штарк дастлабки пасни йўллашда ажойиб ҳаракат қилади, қолаверса, Германиядаги энг тезкор марказий ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Бу эса қарши ҳужумларга ўтиш чоғида «Герта»га наф келтириши муқаррар (Берлин клуби тезкор ҳужумлардан сўнг яратилган вазиятлар бўйи­ча Бундеслигада атиги 14-ўринда бормоқда).

Штарк ўз интервьюларида ҳар бир ўйиндан сўнг хатоларини таҳлил қилиши, учрашувлар арафасида рақибларининг ҳаракатларини қайта-қайта кўриб чиқишини бир неча маротаба таъкидлаганди.

Ўсиш жараёнида ўз амплуасида тўп сурадиган энг яхши футболчиларни кузатишни ғоят муҳим билади. Никлас ўзи учун энг яхши намуна сифатида Жоржо Кьеллинини кўрсатади.

- Унинг ҳар бир яккакурашда бор кучини сарфлашини англаш қийин эмас. У жуда ақлли ўйинчи. Кьеллини рақибидан тўпни олиб қўйишдан аввал қаерда туриши лозимлигини аввалдан режалаштиради.

Смартфонимда Жоржо иштирокидаги баҳслар видеоси бор. Уларни кўриб чиқаман. Мақсадим - ўйинни ўқий олиш, тўпнинг кейинги лаҳзада қаерда пайдо бўлишини олдиндан билиш, - дейди Штарк.

Келажаги порлоқ
Ўтган йилнинг январида Томас Тухель бошчилигидаги Дортмунднинг «Боруссия»си Никласга астойдил қизиқиб, унинг тимсолида Хуммельсга ўринбосарни кўрганди.

Шунингдек, «Саутгемптон»дан ҳам «совчилар» борлиги ҳақида маълумотлар тарқалди. Аммо Штарк бош­қа чемпионатга ўтишга шошилмаяпти, Бундеслигани ўсиш учун энг қулай лига ҳисоблайди. Боз устига, унга берлинликлар ҳам ўрганиб қолишган.

Айни пайтда «Герта» мураббийлари ва бош менежери Никласнинг миллий термага муносиблигини таъкидлашмоқда. Бу пайтда эса футболчининг ўзи камтарликни сақлаб қолмоқда: мамлакат бош жамоасида ўйнаш орзуси экани, ниятига етиш учун ҳамма нарсага тайёрлигини кўп таъкидлайди.

Уни тез орада Германия термасига чақиришади, бунга шубҳа қилмасангиз бўлаверади.
Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 22 ёшли етакчи - у ким ва нималарга қодир?