18:57 / 26.06.2018
2 902

Андрей Шипилов: "Металлург"ни "Пахтакор-2" дейишмоқда? Биз "Машъал-2"миз

Андрей Шипилов: "Металлург"ни "Пахтакор-2" дейишмоқда? Биз "Машъал-2"миз
Жорий мавсумда кўплаб клубларнинг ўйин сифати ошиб бораётгани кишини хурсанд қилмасдан қолмаяпти. Буни биргина “Металлург” мисолида кўришимиз мумкин. Айниқса, ушбу мавсум арафасида бекободликлар янгича қиёфага кирди дейишимиз мумкин. Рости, бош мураббийликка Андрей Шипилов тайинланганида унинг мураббийлик салоҳиятига шубҳа билан қараганлар кўп эди. Чунки у бунгача ҳали бош мураббий бўлиб ишламаганди ва асосан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида фаолият кўрсатиб келганди. Лекин Шипилов ҳам мустақил равишда бинойидек ишлай олишини кўрсатмоқда.

“Металлург” клубларимиз учун ноқулай рақиб сифатида ёдимизда қолганди. Қолаверса, ўртамиёналар қаторида юравериб, ҳаммамизни шунга кўниктириб қўйганди. Шу сабабли мазкур йилда ҳам бекободликларнинг имкониятини кўпчилик юқори баҳолай олмаётганди ёки бунга ботина олишмаётганди. Бироқ Суперлига шуни кўрсатяптики, “Металлург” бошқалар учун совға жамоа эмас. Хар ҳолда улар ёзги танаффусга кучли олтиликдан жой олган ҳолда чиқиб кетдилар. Энди бошқалар бекободликлар билан алоҳида ҳисоблашишга мажбур бўлишмоқда.

Эътиборлиси, бу жамоанинг ўйинида бош мураббий Андрей Шипиловнинг имзоси яққол кўриниб турибди. Айни пайтда ушбу клуб ҳам ёзги тайёргарлик ишларини бошлашди. Биз бу фурсатдан фойдаланган ҳолда Андрей Сергеевичдан бир қатор саволларга жавоб олиш истагида эдик. Бунинг учун клуб матбуот хизмати билан боғландик. Натижада ўзимизни қизиқтирган саволларга Шипилов ўзига хос тарзда жавоблар қайтарди.

- Андрей Сергеевич, “Металлург” клуби ёзги танаффусга 6-ўринни банд қилган ҳолда чиқиб кетди. Мавсумнинг дастлабки қисмидан кейин қисман вазифа бажариляпти деб ўйлайсизми?
- Тўғриси, ҳали ҳеч нарсани бажарганимиз йўқ. Ўйлашимча, чемпионатдаги кураш энди ўзининг авж палласига кўтариляпти.

- Рости, мавсум бошида “Металлург”ни Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашиши тахмин қилинганди. Аммо жамоанинг мақсади жиддий экани кўриниб турибди. Сиз қандай қилиб “Металлург”нинг қиёфасини ўзгартира олдингиз?
- Менинг билишимча, “Металлург” жамоаси сўнгги тўрт-беш мавсумдан буён олий лигада жон сақлаб қолиш учун курашган клублар қаторида бўлмаган. Шундай экан, аутсайдерлар қаторига тушиб қолмаган. Биз жамоани қабул қилиб олган пайтимизда ҳам мақсадимиз аниқ эди: етакчилар сафида бориш.

- Ундай бўлса айтинг-чи, мавсумнинг кейинги қисмида “Металлург” янада кучли жамоага айланадими?

- Албатта, шунга ҳаракат қиламиз.

- Умуман олганда, ёзги йиғин учун режалар қандай?

- Режаларимизми? Албатта, мавсумнинг қолган қисмига пухта ҳозирлик кўришдан иборат. Таркибни янада кучайтириш, футболчиларда диққат-эътиборини бир жойга жамлаш, мақсад сари оғишмай ҳаракатни давом эттириш асосий мақсадимиз бўлиб турибди.

- Футболчи Андрей Шипиловни яхши билардик, аммо бош мураббий ролидаги Андрей Шипилов биз учун қандай эканлиги қоронғу эди. Биламизки, бунгача жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлагансиз. Сиз ўзингизни бош мураббий сифатида кашф қиляпсиз. Бу фикрга қўшиласизми?
- Очиғи, ўзим учун жавоб беришим қийин. Четдан кузатаётганлар хоҳлаганича баҳо бераверишсин. Мавсум якуни эса кимлигимизни кўрсатади.

- Мавсум аввалида “Пахтакор”дан кўплаб футболчиларни олдингиз. Яна ушбу клубдан ўйинчиларни олиш зарурияти борми?
- Бу саволингизга жавоб беришим шарт эмас деб ўйлайман.

- Умуман айтганда, “Металлург”да “Пахтакор”дан кўпроқ футболчи олгани учун жамоангизни “Пахтакор-2” деб ҳам аташмоқда. Бу сизга ёқмайдими?
- Биз “Машъал-2”миз. Муборакликлардан ҳам етарлича футболчи олганмиз. Нега шундай аташмаяпти?

- Айтинг-чи, сизда ҳам энг яхши мураббий бўлиш истаги борми?
- Мен шунчаки ўз вазифамни сидқидилдан бажаришни хоҳлайман.

- Андрей Сергеевич, сизга Суперлигамиздаги қайси жамоаларнинг ўйинлари кўпроқ ёқяпти?

- “Насаф” билан “Локомотив”.

- Мураббий сифатида эришишингиз мумкин бўлган орзуингиз нима?

- Ҳар бир турда ижобий натижани қайд этайлик, шогирдларим ўз вақтида маошини, мукофот пулларини олиб туришсин. Ёшларимиз эса терма жамоаларга жалб этилишсин. Мана, бизнинг интилишимиз керак бўлган асосий мотивация.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андрей Шипилов: "Металлург"ни "Пахтакор-2" дейишмоқда? Биз "Машъал-2"миз