14:26 / 18.05.2020
734

«Бу ерда эмассиз, бироқ биз билансиз». «Кёльн» стадиони ўриндиқлари мухлислар либослари билан тўлдирилди (фото)

«Бу ерда эмассиз, бироқ биз билансиз». «Кёльн» стадиони ўриндиқлари мухлислар либослари билан тўлдирилди (фото)

Германия Бундеслигаси қайта бошланиб, катта футбол ҳавоси уфурган бўлса ҳам, мухлисларсиз стадионларни кўриш кўнгилни хижил қилмоқда. Шу сабаб клублар санитария қоидаларини бузмаган ҳолда ўриндиқларни турли йўллар билан тўлдиришга уринмоқда. Аввалроқ Мюнхенгладбахнинг «Боруссия» жамоаси бу борада ўзига хос йўл тутганди.

«Кёльн» клуби ҳам бунга чиройли ечим топди. Клуб ишқибозлардан ўзлари учун омадли ҳисобланган футболка, шарф, ўйинчоқлар жўнатишни сўради ва улар орқали марказий трибуна тўлдирилди.

Футболкалардан иборат мозаиканинг кўп қисми клуб томонидан қилингани кўриниб турибди. Бироқ қолган ўриндиқлар аниқ мухлислар либоси билан тўлган: у ерда турли мавсум ва ҳатто турли даврларнинг футболкалари бор.

Трибуна клуб ижтимоий тармоқларида шундай номланди: «Сиз бу ерда эмассиз, бироқ биз билансиз».


«Кёльн» клубининг тимсоли айланган Ҳённес IX эчкиси бу сафар майдонга тушмади. Ҳозирча ҳайвонларни стадионларга олиб кириш тақиқланган. Бироқ унинг юмшоқ версияси трибунадан ўрин олди.


Мухлислар ўз балконларида бир вақтда тўпланиб, клуб мадҳиясини биргаликда куйлашини ташкил қилиш мақсадида «Кёльн» расмий сайтида махсус дастур ишга туширилди.

«Майнц»га қарши кечган баҳсда «Кёльн» дастлаб иккита тўп фарқи билан олдинга ўтиб олди, бироқ иккинчи бўлимдаги голлар эвазига меҳмонлар мувознатни тиклашга муваффақ бўлди — 2:2.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)