2017 йилда Россияга кўчиб ўтган ҳолда “Ростов”даги фаолиятини бошлаган Элдор Шомуродовнинг бошида янги чемпионат ва клубга кўникиши осон бўлмаганини яхши биласиз. Вақт ўтиб ҳамюртимиз янада кучли футболчига айланиб борди ва жорий чемпионатда Элдор тўпурарлик салоҳиятини кўрсатишга эришди. Натижада легионеримиз барчанинг эътиборига тушди. Унга қизиқишлар орта бошлади, ҳамма Шомуродов ҳақида гапирди.
Ўзбекистонлик футболчи Россия чемпионатида қандай ҳужумчи эканлигини кўрсатди, натижада “Ростов”нинг муҳим ижрочиларидан бирига айланди. Шунингдек, Шомуродов хусусида кўплаб таниқли мутахассислар ижобий фикрлар билдиришди ва ҳамюртимизнинг имкониятларини юқори баҳолашди. Элдор тўғрисида россиялик мутахассислар томонидан айтилган ҳар бир фикр ҳамда эътирофларни синчковлик билан кузатиб бордик. Ахир ҳамюртинг ҳақида илиқ гапларни эшитиш доим ҳам ёқимли туюлади.
Ўзимиз ҳам россиялик бирор-бир кўзга кўринган мутахассис билан боғланиб Элдор Шомуродов ва унинг имкониятлари хусусидаги муносабатларини жонли равишда эшитишни истаётгандик. Бу борада эса Россияда қайси мураббий билан алоқа ўрнатишни ҳам билардик. Бу – Александр Николаевич Аверьянов. Айниқса, ёши улуғ, зукко мухлислар уни жуда яхши билишади. 71 ёшли тажрибали мутахассис Россияда ҳам ўзига яраша обрў-эътиборга эга.
Николаевич мураббийлик фаолияти давомида “Крилья Советов, “Шинник”, “Алания”, “Уралан”, ”Факель”, “Газовик” ва яна кўплаб клубларни бошқарган. 2011-2012 йилги мавсумда эса у Ўзбекистонда ҳам ишлаганини билсангиз керак. Ўшанда “Андижон” жамоасига устозлик қилганди. Қолаверса, собиқ Иттифоқ даврида ҳам юртимизда тўп сурган. Хуллас, мураббий билан боғланганимиздан сўнг ундан “Ростов”да тўп сураётган Элдор Шомуродовнинг у ердаги фаолиятига қандай баҳо бериши ҳақида сўрадик. Аверьянов эса ҳамюртимизга юқори баҳо берди.
- Шомуродов – аъло даражадаги футболчи. Уни туғма марказий ҳужумчи деб эътироф этсак тўғрироқ бўлади. Айниқса, голнинг ҳидини сезадиган бақувват ўйинчи. Унинг кучли томонлари кўп ва майдонда жуда фаол ҳаракат қилади. Ўз навбатида унинг ушбу фаоллиги жамоасига ёрдам беради. Шунингдек, Элдор Шомуродов иккинчи қаватдаги курашда ҳам яхши таассурот қолдиради. Бугунги кунга келиб у трансфер бозорида энг харидоргир ижрочилардан бири бўлиб турибди. Элдорнинг трансфер қиймати 7-9 миллион еврони ташкил қилса керак. Иш шу зайлда кетса, ҳужумчи “Ростов”ни албатта тарк этади ва Европанинг кучли клубларидан бирида пайдо бўла олади. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Россия терма жамоасига худди Шомуродов сингари кучли ҳужумчи етишмаяпти.
Кўпни кўрган мутахассисдан ҳужумчимиз тўғрисида бу қадар илиқ сўзларни эшитиш ростдан ҳам ёқимли туюлди. Лекин бундай сўзлар бежиз эмас, албатта. Аверьянов эса Шомуродовнинг ўйинини ҳар томонлама чуқур ўрганган ҳолда ўзининг қарашларини баён этди.
Айни пайтда эса россияликларнинг ўзлари ҳам Элдорни қайси клубга кетиши борасида қизиқишмоқда. Бу ҳақида гап кетар экан, бир қатор тахминлар билдирилмоқда. Лекин ўзбекистонлик ҳужумчи кўпроқ қайси чемпионатга мос тушиши мумкин? Қолаверса, мавсумнинг иккинчи қисмида унда гол уриш борасида пасайиш юз берди. Бу эса кейинги фаолиятига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин? Александр Николаевич эса Элдорнинг сермаҳсуллиги пастлаганига ҳам эътибор қаратди ва бунинг сабабларини қуйидагича билдирди:
- Шомуродовнинг қаерга кетиши борасида бирор нарса дейишим қийин. Чунки мен жамоа ичида эмасман. Аммо матбуот ва мухлислар орасида унинг Европа клубларидан бирига кетиши ҳақидаги гаплардан хабарим бор. Афтидан, мана шундай турли гап-сўзлар унга руҳий таъсир кўрсатган кўринади. Боз устига олинган жароҳатлар оптимал жисмоний ҳолатига киришига халақит бермасдан қолмагани аниқ. Бундан ташқари, коронавирус нафақат уни, балки миллионлар инсонларнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборганини унутмаслик керак.
Бутун жамоага ҳам бу салбий таъсир кўрсатди. Шомуродов клубдаги шерикларига жуда кўниккан ўйинчидир. Ўз навбатида “Ростов”дагилар ҳужумдаги ўйинни унинг атрофида ташкил қилишга ўрганиб қолганлар. Бежизга у мавсумнинг биринчи қисмида сермаҳсул ўйин кўрсатмади. Лекин боя айтганимдек, жароҳатлар, пандемиялар унинг сермаҳсуллигига ва ўйинига акс таъсир кўрсатмасдан қолмади, - деди россиялик мураббий Александр Аверьянов.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади