23:57 / 18.09.2020
2 107

Иккинчи даврада бизни нималар кутмоқда? Ўзгараётган "Локомотив", очко улашаётган АГМК...

Иккинчи даврада бизни нималар кутмоқда? Ўзгараётган "Локомотив", очко улашаётган АГМК...
Суперлига биринчи давраси ҳаммада турлича таассурот қолдирди. Кимдир ўзи кўзлаган мақсад сари дадил одимламоқда, яна кимдир кутилган ва кутилмаган муаммолар гирдобида. Марказлашган чемпионатга жамоаларимиз ҳали тайёр эмаслиги аён бўлди. Бунга ПФЛ ҳам етарли даражада тайёр эмаслиги кўриниб қолди.

Бироқ вазият шуни тақозо этди. Ташкилий ишлар, стадиондаги назоратчилик, ҳаттоки, мухлисларнинг бемалол киришигача йўл қўйиб берилди. Иккинчи даврага эса жамоалар турли ҳолатда етиб келишди. Албатта, пандемия, коронавирус ҳам таъсир қилганини айтиб ўтиш жоиз. Қайсидир маънода клубларимиз мана шу даврда бошларига тушган синов остида тобланишди, нималар қилиш кераклигини англаб етишди деган умиддаман.

“Пахтакор” чемпионликни эрта расмийлаштириши мумкин
Бугунги кунда “Пахтакор”нинг мавсум якунида чемпионликни нишонлашига шубҳа йўқ, биринчи ўрин учун яққол фаворит ҳисобланади. Суперлигада улар билан рақобат қила оладиган клуб йўқ ҳисоб. Бу фақат таркиб нуқтаи назаридан эмас, балки шароитлар, машғулот жараёни, ташкилий томондан ҳам “Пахтакор”да ишлар зўр. Жамоа ички чемпионатда рақибларини осонликча мағлубиятга учратмоқда, таркиб жиҳатдан “Пахтакор” билан тенглашишга ҳаракат қилаётган АГМК ҳам биринчи даврада дуранг қайд этди. Демак, ҳақиқий интрига қолган ўринлар учун кечишини тахмин қилаверса бўлади. Агар “шерлар” ОЧЛдан кўтаринки кайфиятда қайтиб келса бу уларга янада қўшимча куч беради ва қолган учрашувларда хотиржам тўп тепишини таъминлайди.

Муаммолар гирдобида қолаётган “Бунёдкор”
Улуғбек Мирзаев “Бунёдкор” раҳбарлигидан кетганидан сўнг клубда жиддий муаммолар юзага кела бошлади. Жамоа аъзолари 3 ойдирки ҳали маош олишгани йўқ, янги раҳбарият эса бир ой деганда жамоа билан учрашди. Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, клубдаги овқатланиш яъни "питания" ҳам аввалгидек эмас, клубнинг бу борада қарздорлиги мавжуд. Шунда ҳам қойил қоладиган жиҳати футболчилар майдонга чиқиб ўз ишларини қилмоқда, ғалаба қозонмоқда. Жамоа аъзолари “Машъал” билан ўйиндан олдин сафар учрашувига бормаслик фикрида ҳам бўлишган. Иккинчи даврада жамоа имконияти даражасидан келиб чиқиб тўп тепиши мумкин. Агар раҳбарият вазиятни ўнгласа ва жамоани қўллаб-қувватласа, бу футболчиларга қўшимча мотивация бериши тайин.

Тимур Кападзе ва “Локомотив”
Биринчи даврани ўта хунук тарзда якунлаб умуман ўзига ўхшамаган “Локомотив” жамоасига аввалги шукуҳ қайтмоқда. Мураббийлар штабида Андрей Микляев ва Тимур Кападзе жуфтлиги иш бошлади. Жисмоний тайёргарлик бўйича терма жамоада Кападзега яқиндан кўмаклашаётган Денис Коростиченко фаолият олиб бормоқда. Буни қарангки, иккинчи давра бошида бу ўз самарасини бера бошлади. Жамоа дастлабки икки турда тартибли ўйин намойиш этди. Футболчилар ҳам икки ўйинда тўлиқ куч билан ҳаракат қилиб рақибларини прессинг остида ушлашди. Кападзе керакли гапларни айта олгани кўринди. Агар “Локомотив” ўз ўйинини кучайтирган ҳолда шу йўсинда давом этса мавсумни юқорироқда якунлаши мумкин.

АГМК очко улашишда давом этадими?
Биринчи даврани иккинчи ўринда тугатган АГМК тўрт ўйиндирки ғалаба нималигини билмаяпти. Миржалол Қосимов жамоаси рақибларига муҳим очколарни ҳадя қилмоқда. Аксарият учрашувларда оҳирги дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолмоқда. Бекободда мавсумдаги илк мағлубият тан олинди, ундан аввал “Бухоро” билан учрашувда 90+8 дақиқада урилган гол эвазига дуранг натижа қайд этди. Иккинчи даврада жамоа сафарда кўп ўйнашини ҳисобга олсак, осон бўлмаган учрашувлар кутиб турганини сезиш қийин эмас. Аммо Миржалол Қосимов ҳар қандай ҳолатда ҳам вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда навбатдаги учрашувларга жамоани муносиб тайёрлашига ишонамиз.

“Навбаҳор”нинг умиди Ўзбекистон кубогидан
Мавсум бошида чемпионлик учун курашишни мақсад қилган, аксарият жамоаларга жиддий қаршилик кўрсатиши кутилган “Навбаҳор” афсуски тахминларни оқламаяпти. Жамоада яхши таркиб жамланган. Тажрибали, ўйинни ўз қўлига оладиган футболчилар етарлича топилади. Бироқ ўйин борасида “лочинлар” ҳозирча мақтана олишмайди. Ўйин томонлама ҳали кўп ишланиши керак. Олдинда учрашувлар кўп, очколар керагидан ортиқ йўқотилди. Совринли ўринлардан умидни узмаган ҳолда жамоа Ўзбекистон кубогига эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ бўлади. Финал ўйини Наманганда ўтиши футболчилардаги иштиёқ ошишига сабаб бўлиши мумкин. Мавсумни соврин билан якунлашнинг энг яқин йўли Кубокни ютишдир. Бу эса қийин бўлиши аниқ.

Про лигага ким равона бўлади?
Турнир жадвалининг сўнги уч поғонасини “Сурхон”, “Бухоро”, “Андижон” жамоалари банд этиб турибди. Бу жамоаларнинг очколари ўртасидаги фарқ ҳам катта эмас. Катта эҳтимол билан Суперлигада қолиш учун кураш мана шу жамоалар ўртасида кечади. “Бухоро” ўйин жиҳатдан аста-секин кучайиб бормоқда. Жамшид Саидов ва Александр Хомяков жуфтлигининг имзоси жамоа ўйинида сезилаётганини кўриб турибмиз.

“Андижон” эса жорий мавсум ҳали ғалаба қозонгани йўқ. Биринчи даврадаги муаммолар жамоанинг шу ҳолатга келиб қолишига сабаб бўлди. Икки турдан сўнг Хомяков кетди, биринчи даврадан сўнг Кумиковга чиқиш эшиклари кўрсатилди, раҳбарият ўзгарди. Бахтиёр Ҳамидуллаев жамоани кучлилар сафида олиб қола оладими-йўқми, буни мавсум якунида билиб оламиз. Агар “Андижон” қуйи лигага йўл олса бунинг ҳам яхши томони бор: янгидан ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган жамоа сифатида шаклланади. “Сурхон”даги мураббийлар алмашинуви жамоанинг натижаларига ҳам таъсир қилди. Равшан Ҳайдаровда тажриба катта, бундай босқичларда кўп бор тобланган.

Мавсумнинг ўртасига келдик, одатда куз фаслида ўтадиган учрашувларда кўпроқ кураш ва шиддат кўзга ташланади. Чунки ҳар бир жамоанинг ўз мақсади бор. Ҳеч ким Суперлигадан тушиб кетишни ёки пастки ўринларни эгаллашни истамайди. Шу жиҳатдан бизни қизиқарли ва муросасиз баҳслар кутмоқда. Медаллар учун курашда "Насаф", "Қўқон-1912" каби жамоаларни ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Абдулазиз Искандаров тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Иккинчи даврада бизни нималар кутмоқда? Ўзгараётган "Локомотив", очко улашаётган АГМК...