15:20 / 20.09.2020
2 660

Жалолиддиновнинг борар манзили ва “Локо”га қачон қайтиши аниқ бўлди

Жалолиддиновнинг борар манзили ва “Локо”га қачон қайтиши аниқ бўлди
Москванинг “Локомотив” клуби раҳбарияти шу йилнинг июль ойида “Бунёдкор”дан сотиб олинган 18 ёшли ҳужумкор футболчи Жасур Жалолиддиновга Россия премьер-лигасида ўзини кўрсатиш имконини бермади. Клуб ҳамюртимизни Россия премьер-лигаси қайдномасидан чиқариб, ўрнига бошқа легионерни рўйхатга қўйди.

Тўғриси, ушбу трансфер анча шов-шув бўлганди. Футболчимиз манфаатини ҳимоя қилган мутахассислар, хусусан унинг агенти Юрий Белоус Жасурга катта баҳо берганди. Россиялик футбол эксперти Жалолиддинов ўз тенгқурлари орасида (2002 йилда туғилганлар) Ўзбекистонда энг истеъдодлиси, Осиёда энг кучли беш футболчидан бири, The Guardian экспертлари баҳоси бўйича ўз ёшида дунёнинг энг яхши 60 нафар футболчиси рўйхатига киритилгани, Жоау Мариудан кучли экани ва яқин келажакда “Локомотив”нинг ўйинини белгиловчи футболчига айланишини таъкидлади. Шунингдек, ўзбек вундеркиндига Италия, Туркия, Испания ва Осиёнинг қатор мамлакатларидан таклиф бўлаётгани, лекин Жасурнинг келажаги ва хориж футболига мослашишини ўйлаб, "Локомотив" варианти маъқул кўрилгани маълум қилин эди.

Бироқ, ўзбек футболини яқиндан билган айрим мутахассислар Жалолиддинов Россия футболи учун хали етарли даражада пишмаганини айтгани ҳам бор гап. Хусусан, “Навбаҳор”нинг россиялик бош мураббийи Андрей Канчельскис Жасурнинг Россия чемпионатига ўтишига эрта эканини бир неча маротаба такрорлади.

Юртимизда ишлаган Муҳсин Муҳаммадиев бу футболчи “Локомотив”нинг юқори жисмоний кўрсаткичларни талаб қиладиган ўйин услубига тушмаслигини айганди.

Ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Локомотив” ҳам 1 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига олиб келинган 18 ёшли футболчидан кўра, тажрибали ижрочиларга ишонч билдиришни маъқул кўрди. Қолаверса, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбариятининг Жасур трансферида белгиланган қоидалар бузилганини тахмин қилгани ва вазиятга ойдинлик киритилиши маълум вақтни талаб этгани футболчини мусобақа қайдномасидан ўтказишни кечиктириб юборди.

Жасур “Локомотив”да расмий ўйин ўтказишга улгурмади. Ярим ҳимоячимиз Россия ёшлар терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида қатнашди, холос. Тўғриси, ўйинидан нафақат мураббийлар, билки ўзининг ҳам кўнгли тўлмади.

- "Жамоага тўлиқ мослаша олдим, аммо барибир ўз спорт формамни янада яхшилашим керак. Мен ҳали 100 фоиз тайёр эмасман. Юз фоиз жисмоний тайёр бўлмасангиз, ўзингизни тўлиқ кўрсатишингиз қийин”, - деди ўйиндан кейин Жасурнинг ўзи.

Хуллас, “Локомотив” Жасур Жалолиддиновни келажак учун харид қилди, деган тахминлар ўзини оқлашига ишонч билдиргимиз келяпти. Сўнгги маълумотларга қараганда, “Локомотив” билан беш йиллик шартномага эга футболчимиз Ўзбекистонга қайтади ва ижара асосида Суперлигада ўйнайди. Гарчи клуб номи эълон қилинмаган бўлса-да, бу жамоа “Бунёдкор” бўлиши ҳақиқатга анча яқин. Зеро, аввал-бошдан бу вариант ҳам тилга олинаётган эди.

Шу билан бирга, “Локомотив” раҳбарияти режасига биноан, Жасур Жалолиддинов қишки ўқув-машғулот йиғинларида клуб ихтиёрига қайтади ва янги мавсум олдидан ўтказиладиган тайёргарлик жараёни натижаларига қараб, ҳамюртимиз фаолияти бўйича қарор қабул қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалолиддиновнинг борар манзили ва “Локо”га қачон қайтиши аниқ бўлди