20:53 / 08.01.2021
3 457

Дурново: Шомуродовга «Женоа»да тенг рақобат бор, «Ювентус»да эса бундай бўлмайди

Дурново: Шомуродовга «Женоа»да тенг рақобат бор, «Ювентус»да эса бундай бўлмайди
Фото: Getty Images
Италиянинг энг обрўли нашрларидан бири Tuttosport 8 январь, жума куни ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовга «Ювентус» қизиқиш билдираётгани ва трансфернинг (ижарага олиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда) январдаёқ амалга ошиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Мазкур хабарга таниқли рус шарҳловчиси Алексей Дурново ўз муносабатини билдириб, Элдорнинг Турин клубидаги имкониятларини баҳолади.

- "Очиғини айтадиган бўлсам, Шомуродовга «Ювентус» қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар менда скепсис (шубҳа) уйғотди. Мен, албатта, адашганимдан хурсанд бўлардим, лекин ўтган йилнинг сўнгги икки ойида «Женоа»нинг ўйинларини шарҳлаган инсон сифатида қуйидагиларни айта оламан. Қанчалик ғалати эшитилмасин, «Женоа»да қолиш Шомуродов учун яхшироқ бўлади.

«Женоа» – яққол аутсайдер клуб. Жамоа ўз фалсафасига риоя қилган ҳолда 17-ўрин учун курашади: ўлсак ўламиз, лекин қуйи лигага тушиб кетмаймиз. Ўтган икки мавсумда, бу вазифа катта қийинчиликлар билан бўлса-да, бажарилди. Январь ойида «Женоа» катта эҳтимол билан яна ўн нафар футболчини жамоага жалб қилади ва жон сақлаш учун бор имкониятини ишга солади. Ҳужум чизиғида генуяликлар катта танлов имкониятга эга: Пандев, Дестро, Пьяца, Скамакка ва Шомуродов. Элдор учун бу тенг ва муносиб рақобатдир. У уларнинг ҳаммаси билан асосий таркибдаги ўрни учун курашиши ва ҳар бири билан майдонда яхши тандем ҳосил қилиши мумкин.

«Ювентус»да эса бунақаси бўлмайди. Тўғри, Роналду ва Буффон билан биргаликда машғулотлар ўтказилади, аммо ўйин амалиёти умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. У ерда Шомуродов Роналду, Мората ва Дибалага бирон бир нарса бўлган тақдирда ва шу билан бирга Пирло шартли Кьеза ёки Кулушевскини бу позицияга кўчирмасагина майдонга тушиши мумкин бўлади. Яъни, чуқур захира.

Футболчиларга фаолияти бўйича маслаҳат бериш менгамас, лекин агар, Шомуродовнинг А Сериядаги узоқ йиллик фаолиятига умид қилинса, «Юве»даги каби шафқатсиз рақобат бўлмаган ва «Женоа»га қараганда яхшироқ истиқболларга эга жамоага келгани маъқул бўларди – яхши мураббийга эга бўлган ўртамиёна клуб.

Синиша Михайловичнинг «Болонья»си, Иван Юричнинг «Верона»си, Филиппо Инзагининг «Беневенто»си ва ҳаттоки Роберто Д'Аверсу қайтган «Парма». Идеал вариант — «Сассуоло».

Яна бир нарса. Агар «Женоа» А Сериядан тушиб кетса, жамоа таркибида ўзгаришлар юз беради, яхши ўйин ва етарлича юқори футбол интеллектига эга Шомуродов эса, албатта, ўзига мос италян клубини топади. Бу синалган усул. «Ювентус»да захирада ўтириш эса тўғри орқага, «Ростов»га йўл бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунинг устига гап ижара ҳақида кетаётган бўлса. Агар Элдор кутилганидек ўйнай олмаса, улар шунчаки ундан воз кечади, қўяди...
", - дейди футбол шарҳловчиси Алексей Дурново.

Туринликлар Шомуродовга Альваро Моратанинг ўринбосари сифатида қарамоқда.

«Ювентус» Моратани 2020/21 йилги мавсум сўнгига қадар Мадриднинг «Атлетико»сидан ижарага олган. Испаниялик футболчи ҳозирда «кекса синьора» сафида барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти. Шу боисдан «Ювентус» унинг ўрнига ўзбекистонлик ҳужумчи вариатни маъқул кўраётган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қайд этиш жоиз, «Женоа» Элдор Шомуродов трансферини 2020 йил 4 октябрида эълон қилган. Генуяликлар ҳужумчи учун «Ростов»га бонуслар билан бирга ҳисоблаганда 9 миллион евро тўлаши айтилганди.

Ўзбекистонлик форвард «Женоа» сафида ҳозирга қадар 11 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Дурново: Шомуродовга «Женоа»да тенг рақобат бор, «Ювентус»да эса бундай бўлмайди