Англия премьер-лигасининг машҳур рефериси Марк Клаттенбург ҳакамлик фаолияти давомида “Манчестер Юнайтед”га устозлик қилган Жозе Моуриньо билан бўлган можаро ҳақида гапириб берди.
Португалиялик мутахассис “Манчестер Юнайтед”ни 2016-2018 йиллар давомида бошқарган, лекин манчестерликларни чемпион қила олмаган. Моуриньо даврида “Манчестер Юнайтед” Футбол лигаси кубоги, Англия Суперкубоги ва Европа Лигасида зафар қучган холос.
Барчамиз биламизки, Жозе Моуриньо характери оғирлиги ва тили ўткирлиги боис кўп марта зиддиятли вазиятларга тушиб қолган. У футболчилар, ҳакамлар, мураббийлар ва ҳатто клуб раҳбарларини ҳам аяб ўтирмайди.
Марк Клаттенбург тилга олган воқеа 2017 йилнинг январида содир бўлган. Шу можародан бир ой ўтиб, машҳур ҳакам ўз фаолиятини тўхтатган эди. Бунда, албатта, Жозе Моуриньонинг ҳам каттагина “ҳисса”си бўлган. Клаттенбургнинг ҳакамликни давом эттиришига асаблари дош бермай қўйганди.
Клаттенбург шундай эслайди: Мендан Англия Премьер-лигасини ташлаб кетишимга сабаб бўлган учрашув ҳақида кўп сўрашади. Ҳаммасига қўл силтаб, мени фаолиятимни тўхтатиш ҳақидаги қароримга яқинлаштирган ўша вазиятни кўп эсга оламан.
Бу “Манчестер Юнайтед”нинг 2017 йил 21 январда “Стоук Сити”га қарши ўтказган учрашуви эди. Ўша ўйинда Уэйн Руни беллашувга қўшиб берилган дақиқаларда жарима зарбасидан гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиш билан бирга сэр Бобби Чарльтоннинг “Манчестер Юнайтед”даги тўпурарлик рекордини янгилаганди.
Учрашув якунланганидан кейин менинг кийим алмаштириш хонамнинг эшиги тақиллади ва “Юнайтед” бош мураббийи Жозе Моуриньо кириб келди. Мен ўша пайт бутсаларимни ечаётган эдим.
- Бу гал хурсанд бўлгандирсан. Ҳар ҳолда дурангда мени айблай олмайсан, шундай эмасми?, - дедим.
Моуриньо “Айблайман!”, - деди ва “Стоук Сити” ҳимоячиси Райан Шоукросс ўз жарима майдончаси ичида қўли билан ўйнагани ҳақида гапира бошлади.
- Нималар деяпсан? Мен тўғри йўл тутдим ва буни аниқ биламан, - дедим.
У эса “Йўқ, мен видео тасвирларни кўрдим, сен хато қилдинг”, - деди.
Жозе мени айблашдан тўхтамади, гапиришдан тўхтамади, овозини кўтарди. Жаҳлим чиқиб, бутсани унга отиб юбордим. Шундоқ ёнгинасига – деворга тегди.
- Менинг хонамдан йўқол, - дедим.
Моуриньо ўчиб қолди. Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Менга энди барибир эди. У нима дейишни билмасди. Ҳамма нарсадан, қитмир ўйинлардан тўйиб кетгандим.
Машинамни миниб, уйга етиб боргунча Шоукросс билан бўлган вазиятни ўйладим. Ўйин таҳлилини кўрдим ва мен тўғри қарор қабул қилганимга амин бўлдим. Тўп футболчининг кўкрагига теккан эди. Унда нега Моуриньо ўзини анқовликка солди?
Уйқуга ётиш олдидан охирги нуқтага етиб келганимни ҳис қилдим. Энди бу аҳмоқлар билан тенг бўлмайман, деган қарорга келдим...
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Англиянинг энг машҳур ҳакамларидан бўлган Марк Клаттенбург 2004-2017 йиллар давомида премьер лигада жами 292 та учрашувда ҳакамлик қилган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”