22:30 / 16.10.2021
3 214

Моуриньо “Ювентус”га қарши ўйин олдидан Шомуродов ҳақида нималар деди?

Моуриньо “Ювентус”га қарши ўйин олдидан Шомуродов ҳақида нималар деди?
А Серия қизғин паллага кирди. Ортда қолган еттита турда совринли ўринлар, Еврокубокларга йўлланма берадиган юқори поғоналар учун курашадиган жамоалар деярли аниқ бўлиб қолди.

Бир неча мавсумдан бери кучли тўртликни эгаллаб келаётган “Ювентус”, “Интер”, “Наполи”, “Аталанта” ва “Милан” қаторига бу мавсумдан эътиборан, Жозе Моуриньо бошқарувидаги “Рома” ҳам қўшилди. Биз учун аҳамиятлиси эса, кучли бешлик чемпионатларидаги ягона вакилимиз Элдор Шомуродов асосан лигада қолиш учун курашадиган “Женоа”дан юқори мақсадларга интилаётган “Рома”га ўтгани бўлди.

А Сериянинг саккизинчи туридан ўрин олган “Ювентус” ва “Рома” тўқнашуви марказий учрашув сифатида кўрилмоқда. “Рома” бош мураббий Жозе Моуриньо Туринда бўладиган ўйин олдидан журналистларга ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Португалиялик мутахассис мавсум бошидаги мувффақиятсизликлар ва “Ювентус”нинг еттинчи ўринда бораётганига қарамасдан, Массимилиано Аллегри шогирдларини чемпионликка асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этмоқда.

- Мен “Ювентус” Скудетто учун курашга қайтишга қодир, деб ҳисоблайман. Уларда кучли 22 нафар футболчи ва жуда зўр мураббий бор. “Ювентус” – чемпионликка жиддий даъвогар.

“Ювентус” Чемпионлар лигасида ўйнаяпти, биз эса Конференциялар лигасида иштирок этяпмиз. Улар тўққизта совринни ўзиники қилди, биз эса сўнгги йилларда ҳеч нарсани қўлга кирита олганимиз йўқ. Лекин майдонга қадам босганда буларнинг барини унутишимиз лозим. Натижага эришиш учун шижоат ва ўзимизга хос жиҳатларни намоён этишимиз керак. Агар ютқазадиган бўлсак, бу “Ювентус”нинг кучли томонлари туфайли содир бўлсин, ўз хатоларимиз эвазига эмас
, - деди Жозе Моуриньо.

“Рома” бош мураббий ўз шогирдларининг муҳим учрашувга тайёргарлиги, хусусан, ҳужум чизиғидаги вазият ҳақида ҳам гапирди.
- Тэмми Абрахам ўйинга тайёр, лекин унинг майдонга тушиш ёки тушмаслигини бевосита ўйиндан олдин ҳал қиламиз. Бизда Элдор Шомуродов бор. У тўлиқ ўйинга тайёр. Борха Майораль ҳам худди шундай, - деди Жозе Моуриньо.

Таъкидлаш жоизки, Жозе Моуриньо Турин шаҳрига аввалги ташрифи “Ювентус” мухлислари томонидан ҳақоратлар билан кутиб олинганини ҳам унутмади.

- Мен бу ерга охирги ташрифимни яхши эслайман. “Манчестер Юнайтед” билан Туринга келганимда мени 90 дақиқа давомида ҳақоратлашган. Ваҳоланки, мен фақат ўз вазифамни бажарганман холос.

Ўшанда мен ҳеч кимни хафа қилмаганман, аксинча, уларга янада қаттиқроқ бақиришларига ишора қилгандим. Агар оқибатини пухта ўйлаганимда, шу ишни қилмас эдим. Хуллас, ўшанда менинг оиламни, “Интер”даги дўстларимни ҳақорат қилишганди. Шунинг учун ўша ишни қилганман
, - дейди Жозе Моуриньо.

Жозе Моуриньо тилга олган мазкур учрашув Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида бўлган ва ўшанда “Манчестер Юнайтед” мезбонлар устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Бу гал Жозе Моуриньо А Сериянинг навбатдаги учрашувини ўтказиш учун Туринга “Рома” бош мураббийи сифатида ташриф буюрди.

Кўпчилик кутаётган баҳс 17 октябрь куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо “Ювентус”га қарши ўйин олдидан Шомуродов ҳақида нималар деди?