date

iPhone 17 Pro янги дизайни билан революция қилмоқчи

iPhone 17 Pro янги дизайни билан революция қилмоқчи
Apple ҳар йили ўзининг янги iPhone тақдимоти билан технологик дунёда шов-шувларга сабаб бўлади. Аммо 2025 йилдаги янги флагман моделлари, хусусан, iPhone 17 Pro ва Pro Max нафақат анъанавий янгиланишлар, балки сўнгги олти йил ичидаги энг жиддий дизайн ўзгариши билан мухлисларни ҳайратга солиши кутилаётган ҳолда алоҳида эътиборда турибди. Бу ҳақда 9to5mac.com ва бошқа ишончли манбалар ёзмоқда.

Орқа панел — туб ўзгариш марказида

2019 йилдаги iPhone 11 Pro моделидан буён Apple ўз флагманларида бурчакда жойлашган таниқли камера блоки дизайнини сақлаб келаётганди. Бироқ iPhone 17 Pro бу анъанани тўлиқ ўзгартириши кутилмоқда. Янги дизайнга кўра, камера блоги орқа панелнинг деярли бутун кенглиги бўйлаб чўзилган ҳолда жойлашади. Камера линзаларининг жойлашуви анъанавий қолса-да, LiDAR сенсори ва ёритгич модули ўнг тарафга кўчади.

Apple компанияси бу орқали нафақат эстетик, балки техник самарадорликни ҳам яхшилашни кўзламоқда. Янги камера макети смартфон корпуси билан янада уйғун кўринишга эга бўлиши ва ички қисмларда самарали жойлашувга имкон яратиши мумкин.

Камералар дунёсида тўлиқ апгрейд

Apple’нинг навбатдаги жиддий қадами — ҳар учала камера учун 48 мегапикселли сенсорларни жорий этишдир. Бу нафақат тарихда биринчи бор ҳар учала линзада юқори аниқликдаги тасвирни таъминлаш, балки профессионал даражадаги сурат ва видеоларни кенг омма учун тақдим этишни англатади.

Айниқса, 12 мегапикселли телефото линзанинг 48 мегапикселли янги сенсор билан алмаштирилиши кўплаб фойдаланувчилар учун муҳим янгилик бўлади. Бу деталлар — расмий тақдимотгача олинган ишончли макетлар орқали ҳам тасдиқланган.

Олд камера ҳам четда қолмайди

iPhone 17 қаторидаги барча моделлар энди 24 мегапикселли селфи камерага эга бўлади. Бу кейинги беш йил ичида олд камера технологиясидаги биринчи жиддий янгиланиш ҳисобланади. Айтиш мумкинки, FaceTime, Reels ва селфи мухлислари энди тиниқроқ, аниқроқ ва рангларга бой тасвирлардан баҳра олади.

iPhone 17 Air – энг юпқа смартфон бўладими?

Apple бу йил яна бир сюрприз устида иш олиб бормоқда. Миш-мишларга кўра, iPhone Plus ўрнини босадиган мутлақо янги модель — iPhone 17 Air тақдим этилади. Бу смартфон 5,5 мм қалинликда бўлиб, компания тарихидаги энг ингичка қурилма бўлиши кутилмоқда. Агар тахминлар тўғри чиқса, бу смартфон юпқалигига қарамай юқори техник кўрсаткичлар ва мукаммал дисплей билан жиҳозланади.

Сентябр кутилаётган кун

Барча миш-мишлар ва оқаётган маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сентябрь ойидаги тақдимот — сўнгги йиллардаги энг ёрқин ва янгиликларга бой тадбирлардан бири бўлади. iPhone 17 Pro нафақат янги дизайн, балки функционал, камера ва кўплаб ички жиҳатларда ҳам инқилобий ўзгаришлар билан намоён бўлиши мумкин.

Айни дамда эса Apple дунёсидаги барча кўзлар Купертино сари қаратилган — бу сафар қандай инновация бутун бозорни шакллантиришини вақт кўрсатади.

Фото: Majin Bu
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » iPhone 17 Pro янги дизайни билан революция қилмоқчи