
Президентнинг Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган янги Фармонига асосан, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан олиб кириладиган маиший ҳаво тозалагичлар божхона тўловидан озод қилинди. Бу қарор пойтахтда ҳаво сифатининг ёмонлашуви ортидан фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим енгиллик бўлди.
РМ 2.5 зарраларини ўрганадиган лаборатория
Ҳужжатда атмосфера ҳавосининг ўта хавфли РМ 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш мақсадида Экология қўмитаси ҳузурида ҳавони чуқур таҳлил қилишга қаратилган ихтисослашган лаборатория тузилиши белгиланди. Ушбу лабораторияга термо-оптик анализатор ва кварц филтрлар каби замонавий ускуналар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри харид қилинади.
Тўлиқ имтиёзлар рўйхати
Божхона имтиёзи фақат маиший ускуналарга эмас, балки экологик мониторинг тизимини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча жиҳозларга ҳам татбиқ этилади. Улар орасида автоматлашган кичик станциялар, чиқиндиларнинг автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва маҳаллий сув тозалаш қурилмалари каби махсус ускуналар мавжуд.
Импортнинг кескин ўсиши
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳаво тозалагичларга бўлган талаб кескин юқорилаган. Божхона статистикасига кўра, охирги 3 йилда бу маҳсулотлар импорти тўққиз бараварга кўпайган. 2025 йилнинг ўн ойида жами қиймати 1,3 млн долларлик 18,5 мингдан ортиқ ҳаво тозалагич импорт қилинган. Аввалги 20 фоизлик божнинг бекор қилиниши маиший ҳаво тозалагичлар нархини сезиларли даражада пасайтириши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.