Telegram шахсий ёзишмалар ҳимояси сабабли Франция бозоридан чиқиб кетиши мумкин

Телеграм асосчиси Павел Дуров Франция ҳукумати фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмаларига кириш ҳуқуқини талаб қилишда давом этса, сервис ушбу мамлакат бозорини тарк этишини маълум қилди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, давлат идораларига кенг кўламли маълумотларнинг тақдим этилиши ахборот сизиб чиқиши ва суиистеъмолчилик хавфини оширади. Ўз позициясини асослаш учун у Франциядаги хакерлик ҳужумлари ва шахсий маълумотлар ўғирланиши билан боғлиқ салбий ҳолатларни мисол қилиб келтирди. Ҳозирда мамлакатда тергов остида бўлган Дуров фойдаланувчилар махфийлигини таъминлашни бюрократик талаблардан устун қўймоқда.
«Telegram» асосчиси Павел Дуров агар Франция ҳукумати фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмаларига кириш ҳуқуқини талаб қилишда давом этса, сервис ушбу мамлакат бозорини бутунлай тарк этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, давлат ваколатларининг маълумотлар соҳасида кенгайиши ахборот сизиб чиқиши ва суиистеъмолчилик хавфини туғдиради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Дуров ўз фикрини асослаш учун полиция статистикасини мисол қилиб келтирди. 2026 йил бошидан буён Францияда криптовалюта эгаларини ўғирлаш билан боғлиқ 41 та ҳолат қайд этилган.
Шунингдек, у Ил-де-Франс ҳудуди солиқ хизмати ходимаси ёпиқ базалардаги маълумотларни сотишда гумонланаётганини эслатиб ўтди. Тадбиркорнинг фикрича, йиғиладиган маълумотлар ҳажмининг ортиши бундай таҳдидларни янада кучайтиради.
Бундан ташқари, Дуров яқинда ANTS агентлигига қилинган хакерлик ҳужумига тўхталиб ўтди. OAV маълумотларига кўра, ушбу ҳужум натижасида камида 10 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари тармоққа сизиб кетган бўлиши мумкин.
Айнан шу сабабли «Telegram» коррупциялашган бюрократларга шахсий ёзишмаларни тақдим этишдан кўра, Франция бозоридан чиқиб кетишни афзал кўради.
Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров 2024 йил август ойидан буён Францияда тергов остида қолмоқда. Унга нисбатан мессенжер орқали ноқонуний ҳаракатларга кўмаклашиш айби қўйилган эди.
У 5 миллион евро гаров пули эвазига озод қилинган, кейинчалик мамлакатдан чиқиш бўйича чекловлар олиб ташланган бўлса-да, тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…