Ҳиндистонда аёл эрини фарзандсизликда айблагани учун пичоқлаб қўйди

Ҳиндистоннинг Бенгалуру шаҳрида аёл беш йилдан бери фарзанд кўрмагани учун уни мунтазам айблаб, ҳақорат қилган эрини пичоқлади. Эркак олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Ҳодиса юзасидан аёл қўлга олинган.
The New Indian Express нашрининг хабар беришича, воқеа 11 ноябрь куни Лакшмипура ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, банкнинг кредит бўлимида ишлаган Ражасекхар уйига маст ҳолда қайтиб, рафиқаси Малашри билан жанжаллашган.
Маълум бўлишича, эр-хотин беш йил аввал турмуш қурган, бироқ фарзандли бўлмаган. Эркак спиртли ичимлик истеъмол қилганидан кейин хотинини фарзанд кўра олмаётгани учун мунтазам айблаб, руҳий тазйиқ ўтказгани айтилмоқда. Бу масала оилада тез-тез жанжалларга сабаб бўлган.
Навбатдаги тортишув вақтида Малашри ошхонадан пичоқ олиб, эрининг кўкрак қисмига зарба берган. Эркак оғир жароҳат олган. У шифохонага олиб борилганида вафот этгани маълум бўлган.
Ҳодисадан кейин аёл яқинларига қўнғироқ қилган. Нашр маълумотига кўра, Малашри аввал ҳам турмуш ўртоғи билан бўлган жанжаллар ва фарзандсизлик сабабли руҳий тушкунликка тушган. У уч ой давомида даволанган ва тахминан тўрт ой аввал шифохонадан чиққан.
Полиция аёлни қўлга олган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
































Изоҳлар0
…