date

Ил-114-300 самолёти Арктика шароитида синовдан ўтказилди

Ил-114-300 самолёти Арктика шароитида синовдан ўтказилди

Россиянинг янги Ил-114-300 минтақавий турбовинтли самолёти Арктика зонасида сертификатлаштириш синовларининг навбатдаги босқичини муваффақиятли якунлади. Синов парвозлари Новая Земля ва Франц-Иосиф Ери архипелагларидаги аэродромларда амалга оширилиб, самолётнинг паст ҳароратлар ва мураккаб навигация шароитларидаги ишлаши текширилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Парвозлар давомида самолётнинг умумий парвоз хусусиятлари билан бир қаторда, КРEТ компанияси томонидан ишлаб чиқилган БИНС-2015 инерциал навигация тизимининг самарадорлиги баҳоланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, самолёт 80-параллелгача бўлган ҳудудларда, яни Шимолий қутбга яқин масофада ўзининг юқори ишончлилигини намойиш этди.

Ил компанияси бошқарувчи директори Даниил Бренерманнинг сўзларига кўра, ушбу синовлар Ил-114-300 самолётининг Арктика ҳудудларида фойдаланиш учун тўлиқ яроқли эканлигини тасдиқлади. Келгусида ушбу лайнер эскирган Ан-24 ва Ан-26 самолётларини, шунингдек, хорижий АТР-72 ва Бомбардиер Даш 8 моделларини алмаштириши кутилмоқда.

Жорий йилда синов дастури давом эттирилади: ёз мавсумида юқори ҳарорат шароитида, кузда эса тупроқли учиш-қўниш йўлакларида текширувлар ўтказиш режалаштирилган. Ил-114-300 68 нафаргача йўловчини ташишга мўлжалланган бўлиб, у маҳаллий авиалинияларда фойдаланиш учун махсус ишлаб чиқилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Ил-114-300 самолёти Арктика шароитида синовдан ўтказилди