Россияда СИМ-карталарни қайта расмийлаштиришга 90 кунлик тақиқ қўйилди

Россия Давлат думаси алоқа операторлари билан шартномаларни бекор қилишнинг янги қоидаларини жорий этувчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Эндиликда телефон рақами дастлабки берилган кундан бошлаб 90 кун давомида бошқа абонент номига қайта расмийлаштирилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу янги норма киберфирибгарликка қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг иккинчи пакетидан жой олди. Расмийларнинг таъкидлашича, ўзгаришлар фирибгарлар томонидан рақамларни тезкорлик билан расмийлаштириш ва қайта сотиш орқали амалга ошириладиган “револьвер” схемаларига чек қўйишга қаратилган.
Шу билан бирга, абонентлар шартномани муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Бундай ҳолатда оператор хизмат кўрсатишни тўхтатиши ва абонент тўловини ёзишни бас қилиши шарт.
Бироқ, шартнома бекор қилинган тақдирда ҳам, рақамнинг ўзи 90 кунлик муддат тугагунга қадар қайта расмийлаштириш учун блокланган ҳолатда қолади. Бу чора ўғирланган ёки фирибгарлик мақсадида ишлатилган рақамларнинг дарҳол янги эгаларига ўтиб кетишининг олдини олади.





























Изоҳлар 0
…