Россияда халқаро қўнғироқларга ўз-ўзини тақиқлаш имконияти жорий этилмоқда

Россия Давлат думаси киберфирибгарликка қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Янги қонун доирасида абонентлар учун халқаро кирувчи қўнғироқларни ихтиёрий равишда блоклаш имконияти яратилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу тақиқни ўрнатиш учун фойдаланувчилар "Госуслуги" портали орқали шахсий кабинетдан фойдаланишлари ёки кўп функцияли марказларга (МФК) шахсан ташриф буюришлари мумкин бўлади. Хизмат фаоллаштирилгандан сўнг, хориждан келаётган барча қўнғироқлар алоқа оператори томонидан автоматик равишда рад этилади.
Қонунда белгиланишича, ўрнатилган чекловларни бекор қилиш учун абонентнинг шахсан МФКга бориши талаб этилади. Бу чора фирибгарлар томонидан ҳисобларни масофадан бошқариш ва тақиқларни ечиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ҳужжат телекоммуникация компанияларига барча халқаро қўнғироқларни махсус белгилаш (маркировка қилиш) мажбуриятини юклайди. Бундай маркировканинг аниқ тартиби ва формати Россия ҳукумати томонидан алоҳида белгиланади.





























Изоҳлар 0
…