Мозилла Фирефох браузеридаги бепул VPN чекловларини вақтинча олиб ташлади

Mozilla компанияси Firefox браузерига ўрнатилган бепул VPN хизматидан фойдаланиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинганини эълон қилди. Эндиликда фойдаланувчилар чексиз трафик ҳажми ва кенгайтирилган серверлар рўйхатига эга бўлишди. Ушбу ёзги таклиф доирасида хизмат имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Одатдаги тартибда фойдаланувчиларга ойига 50 GB лимит ва 5 та давлат серверларига уланиш имкони берилар эди. Янги акцияга кўра, уланиш мумкин бўлган мамлакатлар сони қарийб ўттизтага етди. Стандарт тўпламдаги Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ қаторига Австралия, Австрия, Белгия, Болгария, Чили, Колумбия, Дания, Финландия, Ирландия, Италия, Малайзия, Мексика, Нидерландия, Янги Зеландия, Португалия, Сингапур, Испания, Швеция, Таиланд, Норвегия ва Жанубий Африка қўшилди.
Мазкур имтиёзли шартлар 2026-йилнинг 1-сентябрига қадар амал қилади. Шундан сўнг тизим яна стандарт ҳолатга қайтади: маълумотлар лимити 50 GB этиб белгиланади ва серверлар сони яна 5 тагача қисқартирилади. Хизматни бошқариш браузер созламаларидаги «Махфийлик ва хавфсизлик» бўлими орқали амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу функция фақат Firefox браузери ичидаги трафикни қамраб олади ва қурилманинг бутун тармоқ фаолиятига таъсир қилмайди. Ҳозирда Firefox VPN хизмати чекланган миқдордаги давлатлар фойдаланувчилари учун очиқ бўлиб, барча минтақаларда ҳам бирдек ишламаслиги мумкин.





























Изоҳлар 0
…