Ерда ҳаёт қачон тугайди: Олимлар биосферанинг ҳалокат муддатини қайта ҳисоблаб чиқди

Ердаги ҳаётнинг келажаги ҳақидаги башоратлар узоқ вақтдан бери илм-фан оламини қизиқтириб келади. Яқинда ўтказилган кенг кўламли тадқиқот натижаларига кўра, сайёрамиздаги биосфера аввал тахмин қилинганидан кўра узоқроқ муддат сақланиб қолиши мумкин. Замонавий иқлим моделлари асосида ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, қуруқликдаги ўсимликлар дунёси яна 1,35 миллиард йилдан 1,87 миллиард йилгача мавжуд бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу хулосага келиш учун олимлар атмосфера, океан ва Ер юзасининг ўзаро таъсирини ҳисобга олувчи мураккаб уч ўлчамли иқлим моделидан фойдаланишди. Тадқиқотнинг асосий марказида Қуёшнинг эволюцияси ва Ернинг геологик углерод айланиши ўртасидаги зиддият ётади. Қуёш вақт ўтиши билан ёрқинроқ ва иссиқроқ бўлиб боради, бу эса пировардида сайёрамиздаги ҳаёт учун хавф туғдиради.
Иккита экстремал сценарий
Тадқиқотчилар Ер келажаги учун иккита асосий сценарийни кўриб чиқдилар. Биринчи сценарийда Қуёш нурланишининг ортиши Ернинг ўзига хос "термостати" — силикат жинсларининг эмирилиши орқали карбонат ангидрид (КО2) миқдорининг камайиши билан қопланади. Бу жараён сайёрани совутса-да, ўсимликлар учун ҳаётий зарур бўлган газнинг кескин камайишига олиб келади.Иккинчи сценарийда эса карбонат ангидрид миқдори ҳозирги даражада (тахминан 400 ппм) сақланиб қолиши, бироқ ҳароратнинг тиниmsиз кўтарилиши назарда тутилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам натижа деярли бир хил: ўсимликлар ё озуқа етишмаслигидан, ё ҳаддан ташқари иссиқдан ҳалок бўлади. ixbt.com маълумотига кўра, ўсимликларнинг оммавий қирилиб кетиши 1,35 миллиард йилдан кейин бошланиб, 1,87 миллиард йилга келиб бутунлай якунланиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ушбу янги ҳисоб-китоблар аввалги прогнозларга қараганда анча ижобийроқдир. Илгари кўплаб олимлар Ерда биосфера 1 миллиард йилдан камроқ вақт ичида йўқ бўлиб кетишини тахмин қилишган эди. Фарқ шундаки, янги моделда ҳарорат ва тоғ жинсларининг эмирилиши ўртасидаги боғлиқлик янада аниқроқ ва замонавий кузатувлар асосида қайта кўриб чиқилган.
Ҳозирги кунда аксарият ўсимликлар карбонат ангидрид миқдори 150 ппм дан пастга тушса, яшай олмайди. Энг чидамли турлар эса 3-10 ппм гача бардош бериши мумкин. Бироқ, 2 миллиард йилдан кейин бу кўрсаткич 1 ппм дан ҳам тушиб кетиши кутилмоқда, бу эса фотосинтез жараёнини бутунлай имконсиз қилади.
Шунга қарамай, олимлар келажакда иқлим муҳандислиги ёки эволюцион мослашув жараёнлари бу муддатларни ўзгартириши мумкинлигини инкор этишмайди. Агар ўша даврда ақлли цивилизация мавжуд бўлса, улар Ер орбитасини ўзгартириш ёки атмосфера хусусиятларини сунъий бошқариш орқали ҳаётни сақлаб қолишга уриниб кўришлари мумкин.





























Изоҳлар 0
…