Avito платформасида профилни биргаликда бошқариш функцияси ишга туширилди

Россиянинг энг йирик эълонлар платформаларидан бири бўлган Avito фойдаланувчилар учун узоқ кутилган янгиликни тақдим этди. Эндиликда сервис мижозлари ўз шахсий аккаунтларига кириш маълумотларини (логин ва парол) бермаган ҳолда, профилни бошқариш ҳуқуқини бошқа шахсларга тақдим этишлари мумкин. Ушбу функция айниқса оилавий бизнес юритувчилар ва йирик савдо ҳажмларига эга сотувчилар учун қулайлик яратади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги тизимнинг асосий афзаллиги хавфсизликдир. Илгари фойдаланувчилар эълонларни жойлаштириш ёки мижозлар билан мулоқот қилиш учун ўз паролларини яқинларига ёки ёрдамчиларига беришга мажбур бўлишган. Бу эса аккаунтнинг бутунлай ўғирланиши ёки шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши хавфини туғдирарди. ixbt.com нашрининг хабар беришича, энди бу жараён икки тасдиқланган профил ўртасидаги расмий боғлиқлик орқали амалга оширилади.
Имкониятлар ва чекловлар
Ёрдамчи сифатида бириктирилган фойдаланувчи профил эгаси номидан қуйидаги амалларни бажариши мумкин:- Янги эълонларни жойлаштириш ва мавжудларини таҳрирлаш;
- Чатларда харидорлар билан мулоқот қилиш ва саволларга жавоб бериш;
- Сотув жараёнларини кузатиб бориш.
Хизматни ёқиш ва хавфсизлик назорати
Янги функциядан фойдаланиш учун Avito мобил иловасининг сўнгги талқинига эга бўлиш ёки сайтнинг браузер версиясидан фойдаланиш лозим. Профил бўлимида фойдаланувчи исмининг ёнидаги "плюс" тугмасини босиш орқали таклифнома ҳаволасини юбориш мумкин. Таклиф қилинган шахс сўровни тасдиқлаганидан сўнг, профилни биргаликда бошқариш режими фаоллашади.Компания вакилларининг сўзларига кўра, фойдаланувчилар орасида битта профилдан бир неча киши фойдаланиши оммавий ҳолатга айланган эди. Платформа маъмурияти ушбу амалиётга қарши курашиш ўрнига, уни тизимли ва хавфсиз кўринишга келтиришга қарор қилди. Бу ўз навбатида платформадаги фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Профил эгаси исталган вақтда, қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилмасдан, ёрдамчининг рухсатини бекор қилиши мумкин. Барча бошқарув элементлари созламаларнинг "Алоқалар" (Связи) бўлимида жамланган. Бу каби ечимлар Ўзбекистондаги йирик эълонлар сервисларида ҳам жорий этилиши, маҳаллий тадбиркорлар учун ҳамкорликда савдо қилиш маданиятини янги босқичга олиб чиққан бўлар эди.






























Изоҳлар 0
…