Тошкентда реновация: аҳоли қаерга кўчирилиши айтилди

Тошкентдаги реновация дастури доирасида эски уйларда яшовчи фуқароларга одатий яшаш муҳитига яқин ҳудудлардан янги квартиралар таклиф этилади.
“Toshkent Invest” компанияси раиси ўринбосари Рустам Қодировнинг таъкидлашича, кўчириш жараёнида маҳалладаги ижтимоий муҳит, қўшничилик муносабатлари ва оилаларнинг кундалик турмуш тарзини сақлаб қолиш устувор вазифа бўлади.
Янги уйлар ҳозирги манзилга яқин бўлади
Реновацияга тушган уйларда яшовчи фуқароларга янги хонадонларни имкон қадар ҳозирги яшаш жойига яқин ҳудуддан бериш режалаштирилмоқда.
Бу ёндашув орқали болаларнинг аввалги мактаб ва боғчаларида ўқишни давом эттириши, оилалар эса ўрганиб қолган маҳалласи ва ижтимоий муҳитидан узилиб қолмаслиги кўзда тутилган.
Квартиралар таъмирланган ҳолда топширилади
Маълум қилинишича, қурувчилар билан фуқароларга таъмирланган ва яшаш учун тўлиқ тайёр хонадонларни ажратиш бўйича келишувларга эришилган.
Демак, кўчирилаётган оилаларга қўшимча таъмир харажатларисиз, фойдаланишга тайёр квартиралар таклиф этилиши кутилмоқда.
Фуқаролар бошқа ҳудудни ҳам танлаши мумкин
Мулк эгалари фақат ўзлари яшаб турган туман ёки маҳалла билан чекланиб қолмайди.
Фуқаро хоҳишига кўра, таклиф этилаётган яқин ҳудуддаги уй-жойдан воз кечиб, Тошкент шаҳрининг бошқа қисмидаги квартира вариантини танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Асосий мақсад — ноқулайликларни камайтириш
Реновация стратегиясининг асосий мақсади фуқароларни янги уйларга кўчириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий ва маиший қийинчиликларни имкон қадар камайтиришдан иборат.
Яъни дастурда фақат эски биноларни янгилаш эмас, балки маҳалланинг шаклланган турмуш тарзи ва инсонлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.































Изоҳлар 0
…